Жарқўрғондаги можарога муносабат: судья бўлиш хавфлими?

Жарқўрғондаги можарога муносабат: судья бўлиш хавфлими?

Ўзбекистон Республикаси Судьяларининг одоб-ахлоқ кодексига кўра, судья ижтимоий тармоқларда, интернет-форумларда ва интернет тармоғидаги бошқа шаклдаги мулоқотларда иштирок этиши мумкин.

Сўнгги кунларда Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида юз берган судьялар билан боғлиқ аянчли воқеаларни кузатиб туриб, наҳот бугунги кунда судья бўлиш шарафлик касбдан кўра, ўз эҳтиётини қилиб юрадиган ва бошқа алоҳида тоифадаги шахсларни нафрати нишонига айланаётган шахс тоифасига ўтиб қолаяпти деган асосли хатарлар пайдо бўлади. Албатта, мазкур воқеаларга тегишли тартибда баҳо берилганидан сўнг тўғридан-тўғри муносабат билдириш имкони бўлади. Ҳозирча эса, фақатгина оммавий ахборот воситаларида сиздирилган маълумотлар асосида мазкур ҳолатга дунёқарашимиз доирасида баҳо бериб кўрамиз.

Судья ким? Қонунга кўра одил судловни амалга оширадиган мансабдор шахс. Унинг ушбу фаолиятдаги мажбуриятлари, вазифалари ва ваколатлари қонун ҳужжатлари билан кенгроқ тартибга солиб берилган. Халқни орасида эса, судья бу энг аввало оқни оқ, қорани қора дейдиган, қўлига топширилган ишни фақат қонунга асосан, ҳиссиётларга берилмаган ва бошқа шахсларнинг “қош-кўзларига” қарамай ҳал қиладиган адолатли, инсофли шахс гавдаланади. Ҳар холда шундай шахсни кўришни истайди оддий одамлар. Очиғини айтиш керак, судьяни шахси жамиятда ўзига хос тарзда кўтариб қўйилган. Нима мақсадда? Судья ҳам мансабдор, ҳам оддий шахс сифатида мустақил бўлса, унинг мустақиллиги кафолатланса, ундан шундагина адолатни талаб қилиш мумкин бўлади. Судьяни мустақиллиги ва шахси дахлсизлигини кафолатламай туриб ундан қонуний, асосли ва адолатли қарорларни қабул қилишни талаб қилиш мантиқсиз ва имконсиз. Шундай экан, ҳар қандай давлат, фуқаролик жамиятига асосланган демократик мамлакатни яратмоқчи экан суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни энг аввало судларни мустақил қилишдан бошлайди. Бу рад этиб бўлмас қоидага айланган.

Қонунчилигимизда судьяларнинг мустақиллиги кафолатларини таъминлаш мезонлари белгилаб берилган. Хусусан, “Судлар тўғрисида”ги Қонунга кўра, судьяларнинг мустақиллиги уларни қонунда белгиланган тартибда судьяликка сайлаш, тайинлаш ва судьяликдан озод қилиш, уларнинг дахлсизлиги, одил судловни амалга оширишдаги қатъий таомил, қарор чиқариш чоғида судьялар маслаҳатининг сир тутилиши ва уни ошкор қилишни талаб этишнинг тақиқланиши, судга ҳурматсизлик ёки муайян ишларни ҳал қилишга аралашганлик, судьялар дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик ҳамда судьяга давлат ҳисобидан унинг юксак мақомига муносиб моддий ва ижтимоий таъминот бериш орқали таъминланади.

  • Судьянинг шахси дахлсиздир.
  • Судьянинг дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорти ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлидир.
  • Судьяга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.
  • Судья Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси олинмасдан ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас.
  • Судья Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси олинмасдан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
  • Судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, телефондаги сўзлашувларини эшитиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, шунингдек унинг хат-хабарларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёки олишга фақат Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг рухсати ёки суднинг қарори билан йўл қўйилади.

Юқоридагилардан кўришимиз мумкинки, Қонун судьяларни мустақиллигини кафолатлаш учун барча имкониятларни ва имтиёзларни берган. Ўзбекистоннинг энг чекка қисмидаги туманда ишлаётган судья ва вилоятдаги судга раислик қилаётган судьянинг мақоми бир хил. Уларнинг дахлсизлиги ҳам бир хил. Бу дахлсизликни бузишга эса ҳеч кимнинг хаққи йўқ, ким бўлишидан қатъий назар, қонун шуни кафолатлаган.

Шундай экан, ҳар қандай мансабдор шахс ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари судьяни бирор бир ҳуқуқбузарлик ёки ижтимоий хавфли қилмишни содир этгани ёхуд содир этаётгани, худди шунингдек қонунга бўйсунмаслиги ҳолати юзасидан тўғридан-тўғри муносабат билдира олмайди, муносабатга кириша олмайди, токи юқоридаги жараёнлардан ўтмас экан. Унга нисбатан жисмоний куч ишлатиш ёки бошқача тарзда таъсир ўтказиш эса фавқулодда ҳолат деб топилиши лозим.

Бўлиб ўтган воқеаларни кузатиб туриб, юқоридаги қонун нормаларида белгиланган қоида ва тартибларни очиқчасига бажармаган ёки бажаришни истамаган ёхуд бу қоидалар борлигини амалда билмаган шахсларни энг аввало савияси қандай даражада бўлганини кўрсатади. Зеро, судьяни дахлсиз эканлиги ва уни обрўсини ҳар қанақа ҳолатда сақлаб юриш лозимлиги қонундан хабари бўлмаган шахс учун ҳам янгилик эмас.

Мақсадимиз қонунларни монеликсиз бажарилишига асосланган ҳуқуқий демократик давлатни қуриш экан, бунга суд тизимини мустақил ва судьяларни дахлсиз қилмасдан эриша олмаймиз. Бу қоидани бузганларга эса жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланиши шарт.  

Судьянинг дахлсизлиги судья учун қадрият, бошқалар учун ноқонуний тарзда бузиб бўлмас қўрғон бўлиши керак. Бу қадриятни ўрнатишда судьялар бир бўлишимиз ва қонун устиворлигини таъминлашда биргаликда ҳаракат қилишимиз шарт.

А. Акрамов,

Тошлоқ туман маъмурий судининг раиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!