ЖАРда коронавируснинг 1,5 миллион эҳтимолий қурбонини дафн этиш учун ер ҳозирланди 

A A A
ЖАРда коронавируснинг 1,5 миллион эҳтимолий қурбонини дафн этиш учун ер ҳозирланди 

Жанубий Африка Республикаси ҳукумати мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони тез суръатларда кўпаяётганидан хавотир билдирмоқда. Сўнгги сутканинг ўзида ЖАРда 10 мингга яқин янги касалланиш ҳолати ва 192 та ўлим қайд этилган.

Бундай шароитларда ЖАРнинг энг гавжум провинцияси ҳисобланган Гаутенгда коронавируснинг 1,5 млн эҳтимолий қурбони дафн этилиши мумкин бўлган бир нечта дала майдонлари захиралаб қўйилди. Бу ҳақда провинциянинг соғлиқни сақлаш вазири Бандиле Масуку журналистларга маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, ажратилган майдонлар тайёр ҳолатда бўлиб, зарурат туғилиши билан қўлланиши мумкин.

“Бу ёқимсиз мавзу, бироқ ҳақиқат шундай”, деб таъкидлаб ўтган вазир ва майдонларни дафн мақсадларида қўллашга тўғри келмаслиги учун фуқароларни ўз соғликларига ва хавфсизлик чораларига жиддий муносабатда бўлишга чақирган. 

ЖАРда вирусга чалинганларнинг кўпайиши, биринчи навбатда, пойтахт Йоханнесбургда кузатилмоқда. Айни вақтда ЖАР коронавирусга чалинганлар (215 минг) ва ундан вафот этганлар (3502 киши) сони бўйича Африкада етакчи бўлиб қолмоқда ҳамда касалланганлар сони бўйича дунёда 14-ўринни эгалламоқда. 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!