Жанубий Кореянинг собиқ президенти 20 йилга қамалди

Жанубий Кореянинг собиқ президенти 20 йилга қамалди

Сеул Олий суди жума куни Корея Республикасининг собиқ президенти Пак Кин Хенинг ваколатларини суиистеъмол қилганлиги ва маблағларни мақсадсиз совурганлиги каби айбловларни ўз ичига олган ишини қайта кўриб чиқди ва уни 20 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Yonhap хабар берди.

Хусусан, суд порахўрлик тўғрисидаги қонунни бузганлиги учун 68 ёшли сиёсатчини 15 йилга озодликдан маҳрум қилди. Қолган айбловлар, шу жумладан, ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлик учун эса беш йил қамоқ ва 15 миллион доллар атрофида жарима белгилади.

Олдин апелляция тингловида прокуратура Парк Кин Хи ушбу жиноятлар учун 30 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинишини ва 19 миллион доллар жаримага тортилишини талаб қилган эди.

2019 йил август ойида Корея Республикаси Олий суди Пак Кин Хе ишига қайтишга қарор қилди, унга кўра у дастлаб 25 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Ушбу қарор сиёсатчига қарши порахўрлик ва хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳақидаги айбловларни алоҳида кўриб чиқиш зарурати билан асосланди.

2017 йилда импичментдан сўнг Пак Кин Хе ҳокимиятни суиистеъмол қилгани ва коррупция учун 25 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва 20 миллиард вон (19 миллион доллар) миқдорида жаримага тортилган. У яқин дўсти Чхве Сун Сил билан йирик корпорациялар, шу жумладан Samsung'дан пора олиш мақсадида тил бириктирганликда айбланди. Бундан ташқари, 2018 йилда унга қарши Миллий разведка хизмати раҳбарларидан ноқонуний маблағларни олиш каби янги айбловлар қўйилди.

Ҳозиргача Пак Кин Хе жами 32 йиллик қамоқ муддатини ўтаётган эди, аммо энди суд қарорига биноан жазо муддати камайтирилиши керак. Сиёсатчи суд мажлисида қатнашмади, чунки у 2017 йилдан бери бундай учрашувларни бойкот қилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!