Жанубий Кореяда сарсон бўлган талаба: "Худо бир йўл кўрсатар"

Жанубий Кореяда сарсон бўлган талаба: "Худо бир йўл кўрсатар"

Жанубий Кореяда аёлим ва уч ёшлик қизим билан яшаётганимизга сал кам бир йил тўлган маҳаллар ноябрь ойининг ўрталари эди. Биз талабалар учун куз фасли бироз серташвиш, контракт тўлови, ўқишдаги дарслар, қишнинг совуқ кунларига тайёрланиш харажатларни қоплаш учун дарс бўлмаган кунлари кўпроқ ишлашга мажбур қилади. Гапни чўзмасдан қисқа қилиб айтганда, ҳисоб рақамимда 500 долларга яқин маблағ қолган, у пулни эса декабрь ойининг бошидаги ойликкача етказиб олиш ҳақида хаёл қилиб ўтирибман. Қиладиган ишларнинг эса охири кўринмайди. Биз ишлайдиган корхона бошқа шаҳарга кўчганлиги сабабли эртага биз ҳам ўша шаҳарга бориб олдиндан режалаб қўйган уйга кўчиб ўтишимиз, ҳомиладор аёлимни доктор кўригидан ўтказиш, тўрт соатлик йўл босиб ўқишга бориб келиш ишни нимадан бошлаш ҳақида бош қашлашга мажбур қилмоқда. Бунинг устига қизим тишим оғрияпти деб бир чеккада йиғлаб ўтирибди. Уни ҳам шифокорга олиб бориш керак. Яхшиям дўстим Бекзод бор. Ўзининг юклари билан бирга бизникини ҳам кўчириб олиб кетадиган бўлди. Демак, ишни тонгги соат бешда ўқишга йўл олиш билан бошлайман деб ўйлаб қўйдим. Шу пайт телефонимга Равшан акадан қўнгироқ бўлиб қолди. Йўл йўлакай таништириб ўтсам. Равшан ака ҳам мен каби оилалари билан Кореяда истиқомат қиладилар. Икки фарзанднинг отаси. Бу ерга энди келган маҳалларим оилалари Тошкентда бўлгани сабабли ярим йил улар билан бирга яшагаман, анча ёрдамлари теккан.
Ассалому алайкум Равшан ака, ишлариз яхшими?
Валайкум ассалом укам, ўзинг яхшимисан? Узр, кеч бўганда безовта қиляпман. Кичкина қизимнинг мазаси қочиб болнитсага келгандик. Болани олиб қолмасак аҳволи яхши эмас дейишди. Шунга олдиндан тўлов қилиш керак экан. Аксига олиб ўтган ҳафта ҳамма пулимни долларга айлантириб келгандим. Доллар олмаймиз пулни вонда тўлагин деб туриб олишди. Кеч бўлганда қаердан пул топаман десам ҳам унамаяпти. Бошқа танишим бўлмагани учун телефон қилишга мажбур бўлдим. Икки уч кунда ҳисоб рақамингга ўтказиб юбораман. Шошилинг тўрт юз минг вон керак бўлиб қолди.
Одам мияси қисқа вақт ичида жуда кўп нарсани ҳисоб китоб қилиб ташлаши мумкин экан. Пулни бериб юборсам қўлимда қолган 100 доллар маблағ ярим ойга етмаслиги кундек равшан. Равшан акага вазиятимни тушунтирдим.
Ҳа, майли укам, сениям ташвишга қўйдим. Худо бир йўл кўрсатар!
Охирги айтилган гап бошимга тўқ этиб урилди. Ўзимдан уялиб кетдим. Пул керак бўлиб қолса қарз бериб турадиган дўстларим кўп. Ўшалардан олиб тураман деган хаёл билан Равшан ака сўрган пулларини ҳисоб рақамларига ўтказиб юбордим.
Янги кун ўзининг кундалик югур-югурлари билан қарши олди. Сеулдан Тежон шаҳри томон юрадиган поезд энди қўзғалай деганда аёлим қўнғироқ қилиб қизимизнинг юзи тиш оғриғи сабабли шишиб кетганини айтиб қолди. Ўқишни ташлаб ортга қайтишга мажбур бўлдим. Уйга келсам дўстим Бекзод ҳамма юкларни машинага ортиб, кўчиш учун тайёрланиб турган экан. Қизимнинг тишини даволатиб, дўстим билан Пажу шаҳрида кўришадиган бўлдик. Шанба ва якшанбада кўп муассасалар ишламаслиги сабабли ўша куни тиш шифокори қидириб югурганимизни яна бир ҳикоя қилиб ёзса бўлади. Битта жойда ташхис қўйиб берди. Тепа олд қисмдаги тишларнинг эмали қолмагани сабабли ичидан йиринглаб, шу ҳолга келибди. Хурургия йўли билан милкни кесиб, тиш қолдиқларини олиб ташлаш керак экан. Бу ишни қила оладиган шифохона шанба бўлгани сабабли битта жойда бор дея қўлимга манзилни тутқазди. Манзилнинг Пажу шаҳрида эканини кўриб бироз енгил тортдим. Кўчаётган еримиз ҳам Пажуда.
Айтилган манзилга вақтида етиб бордик. Тиш касалликларига ихтисослашган шифохона экан. Шифокор анча тажрибали, ўзига ишонган ва салобатли одам эди. Милкнинг тепа қисмини кесиб кўрган шифокор бир йўла тўртта тишни олиб ташлаш кераклигини айтди. Муолажа ярим соатдан ошиқ вақт олди. Югур югур ташвишлар билан овора бўлиб ҳисоб рақамимда пул қолмагани хаёлимдан кўтарилибди. Равшан акага қўнғироқ қилиш учун телефонимни қўлимга олдим. Шифокор муолажани бошлашдан олдин ота-онадан розилик хати олиши ҳақида огоҳлантириб регистрацион картамни олиб қолганди. Шу пайт хонадан чиқиб ИД картамни қўлимга тутқазар экан ҳайрат билан қизиқиб сўраб қолди:
Кореяда талабамисан?
Ҳа, шундай.
Ё тавба, оиланг, фарзандинг, бунинг устига аёлинг хомиладор экан. Талаба бўлиб ҳам уйланса, яшаса бўлар эканда-а?
Бизларда урф одат шунақа, эрта оила қуришади, тўғриси ортиқча савол жавобга хушим келмай жавоб қайтардим.
Қани, ортимдан юрчи.
Шифокор кириш эшигида беморларни рўйхатга олаётган қизга бир нималарни гапира кетди. Мен эса Равшан акага қўнғироқ қилиб вазиятни тушунтирмоқчи, имкони бўлмаса бошқа бирон танишимдан қарз олиб туришни тадоригини кўра бошладим. Афсус, телефон гўшагини кўтармадилар. Бу орада шифокор олдимга келдида, қўлимга тўлов қоғозини тутқазиб:
Менга қара, мана бу тўлов қоғози. Унда қизингга оғриқ сездирмаслик учун берилган дори воситаси ва жарроҳлик ипининг қиймати ёзилган. 12 минг вон (12 доллар). Қолган шифокорлар ва менинг ҳаққимни бу ердан ўчириб ташладим. Эвазига яхши ўқигин, ҳопми?
Шифокорга чин кўнгилдан раҳмат айтдим. Пулни тўлашдан олдин берилган қўғозга кўз югуртирдим. 472.000 вон (450 доллар атрофида) пулни ўчириб ташлабди. Кўчага чиқар эканман эски уйимизнинг ҳўжайини қўнғироқ қилиб, ноябрь ойида икки ҳафта яшаганим сабабли ўша ой учун тўланган ижара ҳаққининг тенг ярмини қайтариб бериши учун ҳисоб рақамимни сўради. Кетидан яна бир қўнғироқ бўлди:
Ассалому алайкум, Равшан ака!
Олимтой, укам бормисан! Узр, телефоним ёнимда эмасди.
Раҳмат, қизингиз яхши бўлиб қолдими?
Худога шукр, бугун ҳаққинга роса дуо қилдим. Кеч бўлишига қарамасдан катта ёрдам қилдинг. Бугун якшанба бўлгани учун банкдан пул ололмайман. Эртага насиб қилса олган қарзимни ўтказиб юбораман.
Эртага ишдан қолиб юрманг. Бўш вақтиз бўлган пайт кейин жўнатарсиз?
Ўзингаям пул керак эдику?
Худо йўл кўрсатди.
Ҳикоямни шу ерда тўхтатаман. Сабаби айтиладиган гап, бериладиган фикр бериб бўлинди. Яратганнинг чевар зот экани ҳақида Жанубий Кореяда ўтган йилларим давомида кўп бора гувоҳ бўлдим. Ушбу ҳикоя эса хамир учидан патир, холос. Оилам, бола-чақам, ота-онам, Ватанимга ўзимни ўнглаб бораман деб ҳар куни не-не орзу умидлар билан тунни кунга, кунни тунга улаётган, мусофир юртнинг қаттиқ нонини ейишга мажбур бўлаётган дўстларим! Иймон, инсоф, диёнат, ҳалоллик, виждон деган катта-катта ишларда собитқадам бўлишга ҳаракат қилаверинг! Бу дунёнинг қолган майда-чуйда икир-чикирларига эса Худонинг ўзи бир йўл кўрсатади

Олимжон Абдушукуров, Жанубий Корея

(2016-йил 28 декабрь)

Manba: arirang.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!