Жаннатни сотиб олган киши

Жаннатни сотиб олган киши

Росулуллоҳ даврларида, ғазотларнинг бирида мусулмонларни жуда қаттиқ очарчилик, қурғоқчилик ушлади. Нарх-наво ниҳоятда қимматлаб кетди. Бир қанча вақт шу аҳвол давом этганидан кейин Росулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар:

«Аллоҳга қасам, бугун кун ботгунча Аллоҳ бизга ризқ етказади.»

Усмон ибн Аффон бу сўзларни эшитиб, «Ҳа, бугун келаркан, қаёқдан келаркин?» деб ўтирмадилар. Шарт туриб, озиқ-овқат, бошқа керакли нарсалар юкланган 14 та туяни сотиб олиб, мусулмонларга тарқатдилар. Росулуллоҳ бу моллар Усмондан эканини эшитиб, ниҳоятда хурсанд бўлдилар ва унинг хақига узоқ дуо қилдилар…

Шунга ўхшаш воқеа Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврларида ҳам бўлган. Мусулмонлар очарчиликдан қийналиб, халифага шикоят қилишди. Умар:
«Аллоҳга истиғфор айтинглар, иншааллоҳ эртага кун ботгунча ризқ етказади», дедилар.

Хақиқатдан эртаси куни Мадинага Усмон ибн Аффоннинг тижорат карвони кириб келди. Савдогарлар шошиб бориб, бизга сотинг-бизга сотинг дейишди.

«Хўп, сотаман. Қанча бера оласизлар?»
«Бир динорга икки динор».
«Йўқ, оз»
«Бир динорга уч динор».
«Йўқ, оз».
«Бир динорга беш динор.»
«Йўқ, оз. Бундан кўп берадиган билан ваъдалашиб қўйдим.»
«Мадинада биздан бошқа савдогарлар йўқ,қолаверса биз биринчи келдик. Ким билан ваъдалашдингиз?»
«Бирига ўн бера оласизларми? Бирига юз бера оласизларми?»
«Йўқ, бунча беролмаймиз.»
«Гувоҳ бўлинглар, бу туялар устидаги озиқ-овқатлари билан Мадина аҳлига садақа.»

Усмон ибн Аффон ана шундай саховатли, бировнинг қийин кунларидан фойдаланишни кўзламайдиган киши эдилар. Ана шу хислатлари сабаб росуллоҳдан бир неча марта Жаннатни сотиб олдилар.

Халқнинг қийин ҳолатидан фойдаланиб, нархларни ошираётганлар мусулмонман дейишга ҳаё қилишсин.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!