Жамоатчилик назорати масканлари ишламаяпти

Жамоатчилик назорати масканлари ишламаяпти

Бу уларни қуришга сарфланган 290 миллион сўм ҳавога совурилди, дегани эмасми?

Вилоят ҳокимлигида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича вилоят комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Жиноятчиликни бартараф этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир долзарб масалалар муҳокама этилган тадбирда комиссия аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этди.

Дастлаб вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Тошпўлатов, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси вилоят бўлими бошлиғи ўринбосари С.Азизов, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Б.Насриев, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Р.Юлдашевларнинг жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга қарши кураш борасида жорий йилнинг 11 ойи мобайнида амалга оширилган ишларга оид ҳисоботлари тингланди.

Вилоятда вояга етмаганлар, ишламайдиган, илгари судланган шахслар, аёллар ва ёшлар томонидан жиноят содир этилиши ҳолатлари камайган, – деди вилоят прокурори Ф.Зуфаров. – Аммо айрим йўналишларда камчиликлар, кўзбўямачиликлар ҳам борлиги ҳақиқат.

Жиноятчилик хавфини эрта аниқлаш ва унинг келиб чиқишини бартараф этиш, ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида секторлар фаолияти ҳамда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйилмаган. Жорий йилда вилоят маҳаллаларида 345 та жамоатчилик назорати масканлари ташкил этилган бўлса, уларнинг аксариятида ишлар хўжакўрсинга ёки ҳисобот учунгина бажариляпти, холос. Йилнинг иккинчи ярмида Самар­қанд шаҳридаги маҳаллаларда видеокузатув мосламаларини ўрнатишга қисман ҳаракат қилинганини ҳисобга олмаганда, бу борада бошқа туман ва шаҳарларда ҳалигача амалий ишларга киришилмаган. Вилоятда 100 мингдан зиёд нотинч оила мавжуд бўлгани ҳолда жойлардаги яраштирув комиссиялари кўнгилдагидек ишламаяпти. Муқаддам судланганларни ишга жойлаштириш, хотин-қизлар билан ишлаш, ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш каби масалаларга доир вазифалар бажарилмаяпти. Ҳудудлардаги криминоген вазият ва жиноятлар тўлиқ таҳлил қилинмаяпти.

Йиғилишда билдирилган фикрлар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Manba: zarnews.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!