Ж. Ортиқхўжаев Kun.uz сайти ходимларига таҳдид қилган?!

A A A
Ж. Ортиқхўжаев Kun.uz сайти ходимларига таҳдид қилган?!

16 ноябрь куни интернетда Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг мухбирларга қилган таҳдиди аудиоси тарқалди. Аудиода Ортиқхўжаев журналистларни шарманда қилиш, ҳаттоки жисмонан йўқ қилиб юбора олишга қодирлиги билан таҳдид қилган.

Мазкур таҳдид шаҳар ҳокимидан Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов билан боғлиқ воқеанинг эртасига Kun.uz мухбирлари Раҳматилла Исроилов, Шерзод Эгамбердиев ва Баҳодир Аҳмедов ҳоким қабулида бўлган чоғда янграган.

Ўша куни Тошкент шаҳар ҳокими А.Ваҳобов ва мухбирларни ўз ҳузурига чорлаб, яраштирмоқчи, ўртадаги тушунмовчиликни ҳал қилмоқчи бўлган. Томонлар муроса қила олмагач, учрашув таҳдидли «тарбиявий соат»га айланиб кетган.

Таҳририят ҳоким билан учрашув вақтидаги аудиоёзувни Ваҳобов ва Kun.uz ўртасидаги низоли вазият қасд олишга айланиб кетмаслиги ҳамда шаҳар ҳокимининг обрў-эътиборига путур етказмаслик учун оммага ошкор қилиш фикридан воз кечган эди.

16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда шу воқеага оид аудиоёзув тарқалишига эса таҳририятнинг алоқаси йўқ.

Маълумот учун, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзлари ёзиб олинган тўлиқ форматдаги аудиоёзувлар Kun.uz таҳририятида мавжуд бўлиб, белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага тақдим этилиши мумкин.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!