Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 67 682 нафарга етди
Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 67 682 нафарга етди.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёзма баёнот орқали Исроилнинг сулҳ эълон қилинишига қадар давом этган ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганлар, яраланганлар ва вайроналар остида топилганлар ҳақидаги сўнгги маълумотларни баҳам кўрди.
Баёнотда таъкидланишича,
«3–10 октябрь кунлари бедарак йўқолганлар ишлари бўйича суд комиссияси қўшимча 320 киши ҳалок бўлганини аниқлаган ва бу рақамлар статистик маълумотларга қўшилган».
Бундан ташқари, сўнгги 24 соат ичида вайронага айланган уйлар остида 151 кишининг жасади топилган, шунингдек 72 яраланган шахс Ғазодаги шифохоналарга ётқизилгани маълум қилинган.
Қайд этилишича,
2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида очликдан ҳалок бўлганлар сони 463 нафарга етган, уларнинг 157 нафари болалардир.
БМТ маълумотларига кўра, 22 августда эълон қилинган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича IPC таснифидан бери очлик ва тўйиб овқатланмаслик сабабли 185 киши, жумладан 42 бола ҳалок бўлган.
Жами, 2023 йил 8 октябрдан буён Исроил ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганлар сони 67 682 нафарга, яраланганлар сони эса 170 033 нафарга етган.
Ғазо секторида ҳануз минглаб жасадлар вайроналар остида кўмилган ҳолда қолмоқда.
Мисрда эришилган келишувдан сўнг, 10 октябрь куни соат 12:00да Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирди.
Исроил армияси баёнотига кўра, аскарлар “сариқ чизиқ” деб белгиланган нуқталарга қисман чекинган.
