Исроил “Ҳизбуллоҳ”ни “молиялаштирган” банк филиалларига зарба берди
Исроил армияси Ливанда “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига алоқадор “Ал-Қард Ал-Ҳассан” молиявий уюшмаси бўлинмаларига зарба берганини маълум қилди. Портлашлар Ливаннинг ягона тижорат аэропорти яқинида ҳам содир бўлди. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.
Хабарга кўра, ушбу молиявий муассасалар “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАС гуруҳларини қўллаб-қувватловчи Эрондан маблағ олади. Ливан Миллий ахборот агентлиги Байрутнинг жанубий чеккаларига 11 та зарба берилгани, уларнинг аксарияти “Қард ал-Ҳасан” молиявий уюшмасига қарши йўналтирилганини маълум қилди.
Зарбалардан бири Байрут аэропорти ҳудудига тушган. AFP мухбири воқеа жойидан хабар қилишича, ушбу ҳудудда тутун чиқишига қарамай, самолётлар парвозларини тўхтатмаган. Аэропорт одатдагидек фаолият юритмоқда.
Шунингдек, Ливаннинг шарқида, Исроил билан чегарадан тахминан 100 километр узоқликда жойлашган Беқаа водийси ҳудудидаги “Қард ал-Ҳасан” филиаллари ҳужумга учраган.
20 октябрь куни кечқурун Исроил армияси вакили Даниэль Ҳагари “Ҳизбуллоҳ” молиявий объектлари яқинида яшовчи Ливан фуқароларини зудлик билан кўчиб кетишга чақирганди. У Исроил армияси Ливаннинг турли нуқталарида “Ҳизбуллоҳ” банклари ва молиявий маблағлари сақланадиган жойларга зарба беришини билдирган.
“Қард ал-Ҳасан” уюшмаси 1983 йилда ташкил этилган бўлиб, нотижорат молия муассасаси ҳисобланади. Исроилнинг таъкидлашича, “Ҳизбуллоҳ” ундан санкциялардан қочиб, ўз жангчиларига маош тўлаш ва тинч аҳолини қўллаб-қувватлаш учун фойдаланмоқда.
АҚШ 2021 йилда Қард ал-Ҳасанга қарши санкциялар жорий этган. Расмийларнинг сўзларига кўра, муассаса Ливанда, жумладан Байрут ва Беқаа шаҳарларида 31 та филиалга эга.