Исроил фаластинлик маҳкумлар учун тимсоҳли қамоқхона қуришга тайёргарлик кўрмоқда
Исроил фаластинлик маҳкумлар сақланадиган қамоқхоналарни тимсоҳлар яшайдиган сув ҳандақлари билан ўраш ташаббусини амалга ошириш йўлида ҳуқуқий қадам ташлади. Бу ҳақда Исроилнинг Channel 7 ва Channel 13 телеканаллари хабар берди.
ОАВ маълумотларига кўра, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Идит Сильман тимсоҳларнинг ҳуқуқий мақомини ўзгартирувчи қарорни имзолаган. Энди улар «назорат қилинадиган ёввойи ҳайвонлар» тоифасига киритилган. Бу эса давлат муассасаларига, жумладан, Исроил Қамоқхоналар бошқармасига белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда уларни сақлаш имконини беради.
Аввал тимсоҳлар муҳофаза қилинадиган ёввойи ҳайвонлар ҳисобланган ва уларни фақат лицензияга эга ҳайвонот боғларида сақлаш мумкин эди. Айнан шу мақом лойиҳани амалга оширишдаги асосий ҳуқуқий тўсиқлардан бири бўлган.
Channel 13 маълум қилишича, қонунчиликка киритилган ўзгариш Исроил Табиат ва боғлар бошқармаси лойиҳага қарши чиққанидан кейин амалга оширилган. Исроил ОАВ бу ташаббусни «тимсоҳли қамоқхона» деб атай бошлаган.
Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир мазкур ташаббусни тахминан ярим йил аввал илгари сурган эди. Унга кўра, қочишнинг олдини олиш мақсадида сув ҳандақлари ва улардаги тимсоҳлар билан ўралган қаттиқ тартибли қамоқхона қурилиши режалаштирилган.
Channel 7 хабарига кўра, Исроил Қамоқхоналар бошқармаси лойиҳани амалга ошириш имкониятларини ўрганмоқда. Хусусан, идора ходимлари тимсоҳларни сақлаш ва парваришлаш шартлари билан танишиш учун ҳайвонот боғларига ташриф буюрмоқда.
Расмийлар фикрича, тимсоҳлардан фойдаланиш қўриқлаш харажатларини қисқартириш билан бирга қамоқхоналар хавфсизлигини ҳам оширади. Ёш тимсоҳнинг нархи тахминан 8 минг доллар, катта тимсоҳники эса 20 минг долларгача баҳоланмоқда.
Ҳозирча Исроил Қамоқхоналар бошқармаси лойиҳа тайёргарлиги ёки уни амалга ошириш мумкин бўлган жой юзасидан расмий изоҳ бермаган.
Фаластин расмийлари ва Исроил ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлари маълумотларига кўра, айни пайтда Исроил қамоқхоналарида аёллар ва вояга етмаганлар ҳам қўшилганда тахминан 10 минг нафар фаластинлик сақланмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари бир неча бор маҳкумларнинг очликка маҳкум қилиниши, қийноққа солиниши, тиббий ёрдамдан маҳрум этилиши ва ҳибс жойларида вафот этиши ҳолатлари ҳақида баёнотлар берган.