Исмоил алайҳиссаломнинг биринчи аёлини талоқ қилиб, иккинчи аёлини никоҳда қолдириш ҳикмати

Исмоил алайҳиссаломнинг биринчи аёлини талоқ қилиб, иккинчи аёлини никоҳда қолдириш ҳикмати

Иброҳим алайҳиссалом Исмоил алайҳиссаломнинг биринчи аёлини талоғини беришга, иккинчи аёлини эса никоҳда қолдиришга ҳукм қилдилар. Унинг ҳикмати ва сири нима?

У ишнинг ичидаги Аллоҳ таолонинг бир муҳим ҳикмати ва сири шуки, Исмоил алайҳиссалом авлодидан икки олам сарвари, пайғамбарларнинг хатмкунандаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни чиқариш бўлган. Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламни фитрий тарзда ахлоқли, сабрли, шокир ва садоқатли бўлишлари жуда зарур эди. Бу эса экинзорни танлашга боғлиқ эди. Иброҳим алайҳиссалом тавсияларига биноан Исмоил алайҳиссалом иккинчи аёллари билан қолдилар. Натижада, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келганларидан кейин кўплаб машаққатларга бардош бериб, хавфли ўринларда тоғ каби собит қадам туриб, сабр билан иш тутдилар. Дунё тарихи уни эсдан чиқармайди.

Исмоил алайҳиссаломнинг биринчи аёлларида на шукр ва на сабр бор эди. У Иброҳим алайҳиссаломга яшашларидан шикоят қилиб, биз танглик ва қийинчиликда истиқомат қилмоқдамиз деди. Иккинчи аёллари аввалгисини акси бўлиб, тоғ каби сабр-бардошли эди. Шунинг учун ҳам қийналишларига қарамай Иброҳим алайҳиссаломга хайр-барака ва кенгликда истиқомат қилмоқдамиз деб, Аллоҳ таолога ҳамд ва санолар айтди. Аслида эса танглик ва машаққатларга сабр-бардош қилиб яшашётган эдилар. Уни Исмоил алайҳиссаломнинг иккинчи аёллари ҳаргиз ошкор қилмай ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ томонидан берилган неъматга шукр айтдилар. Аллоҳ таоло уларни қандай ҳолатга ташласа, ўша ҳолат хайр ва барака деб тушундилар. Бундан маълум бўладики, Исмоил алайҳиссаломнинг икки аёлларидан аввалгиси сабр ва шукр мақомидан бирортасини эгалламаган эди. Шунинг учун унинг наслидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишини хоҳламади. Шу сабабли Ўзининг халили Иброҳим алайҳиссалом қалбига ўғли Исмоилга: “Аёлингни талоқ қил” деб ҳукм қилишни солди. Исмоил алайҳиссалом уйланган иккинчи аёл сабр ва шокир бўлганлиги боис, Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоилни у билан яшашга ҳукм қилдилар. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни у аёл наслидан пайдо бўлиши Аллоҳ таолога манзур бўлган эди. Шу ҳикматга биноан Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоилга биринчи аёлинг билан ажраш ва иккинчи аёлинг билан яша деб ҳукм қилдилар.

Исмоил алайҳиссаломнинг иккинчи аёлларидан нубувват офтоби ва рушди ҳидоятни ичиб, икки олам сарвари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келдилар ва сабр, шукр хамда ҳидоят борасида оламга бемисл муаллимга айландилар. Исмоил алайҳиссаломнинг иккала аёлга уйланишлари ҳам Бухори шарифда зикр қилинган.

muslimaat.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!