Исломга интилган аёл: Инглиз тили ўқитувчиси Елена қандай қилиб муслима бўлди?

Исломга интилган аёл: Инглиз тили ўқитувчиси Елена қандай қилиб муслима бўлди?

Мен Елена билан Мусулмон ёшлари фестивалида танишиб қолдим. Мени ҳар доим Исломга кирган рус миллати вакиллари қизиқтиради. Ленанинг Буюк Булғордаги Оқ масжидда ўтказилган қорилар танловида биринчи ўринни олганини эшитганимдан сўнг қизиқишим икки баробар кучайди.

– Лена, сизнинг Исломга киришингизга нима туртки бўлди? Бу диннинг мавжудлигини биринчи марта қачон эшитган эдингиз?

Ислом дини ҳақида мактаб ўқувчиси вақтимда эшитганман. Синфимизда бир бола намоз ўқиб, рўза тутар эди. Унинг таъсирида яна бир бола мусулмон бўлди. Мен улар билан кўп суҳбатлашардим, улар менга мусулмонлар ва уларнинг дини ҳақида сўзлаб беришарди.  Ислом ҳақидаги дастлабки тасаввурларим ўша вақтда пайдо бўлган.

– Бу дин сизни нимаси билан ўзига жалб қилди?

– Биринчи галда мени ҳайратга солгани – мусулмонларнинг спиртли ичимликлар ичмаслиги ва кўнгилочар тадбирлардан йироқлиги бўлди. Бир сафар мусулмон синфдошимнинг уйига меҳмонга бордим ва мусулмонларнинг оилавий ҳаётини ўз кўзим билан кўрдим. Улар жуда ҳам меҳмондўст, озода ва нарсалари кўп бўлса-да, тартиб билан жойлаштирилган эди. Бундай орасталик  менга жуда ҳам ёқиб қолди. Ана шу воқеа менинг Исломга жиддий қизиқишим ва  унинг фазилатларини ҳис қилишимга асос бўлди. Ўша синфдошим, айтганимдек, болалигиданоқ мусулмон эди ва унга ота-онаси намоз ўқишни ўргатган эди. Юқори синфга ўтганимизда эса у намозни мустақил ўқир ва менга Ислом ҳақида жуда кўп қизиқарли нарсаларни гапириб берар эди. Мени ҳаммасидан ҳам илмий ихтиролар ва кашфиётларнинг Қуръони карим оятлари билан тўғри келиб қолганлари қизиқтирар эди. Шундай қилиб, менинг Ислом билан қизиқишим борган сари кучайиб бораверди, кўп китобларни ўқиб чиққанимдан сўнг яқинларимга агар мен бундан 1500 йил олдин туғилганимда насроний бўлишим мумкин эди, энди эса Ислом бутун олам халқи учун нозил қилинган экан, мен ҳам муслима бўлишни истайман деб гапира бошладим. Мактабни тугатганимдан сўнг педуниверситетга ўқишга кирдим. Отам билан диний мавзуда суҳбатлашганимизда – у ҳали менинг Исломга кирганимни билмас эди – мен унга Исога топинмаслигимни, Тангри битта экани ва Унга ўхшаш бошқа ҳеч нарса йўқлигини айтдим. У менинг фикримга қўшилди ва менинг танловимни тўғри деб топди.

– Демак, сизнинг эътирофингиз унга зарба бўлмади?

– Билмадим, эҳтимол, зарба бўлса ҳам бўлгандир. Аммо буни менга сездирмади. У менга: “Бу сенинг танловинг, сенинг ҳаётинг, мен сенга қайси динни ушлашинг кераклигига таъсир ўтказишга ҳаққим йўқ”, деди. У ҳайдовчи бўлиб ишлайди ва бутун мамлакат бўйлаб юк ташийди. У жуда ҳам ақлли одам. Ўша вақтда отам менинг бу қароримга ҳурмат билан ёндашади ва Ислом аҳкомларини бажаришимга қаршилик қилмайди, деб умид қилган эдим. Шукрки, янглишмаган эканман.

– Бунга оиланинг бошқа аъзолари қандай муносабатда бўлди?

– Онам бир неча йил бурун вафот этган. Акамнинг ўз оиласи бор, у алоҳида яшайди. У мени ҳар тарафдан кузатиб юрди. Ўйлашимча, менинг танловимни тушуна олмади. Дарвоқе, биз бу мавзуда ҳеч фикр алмашганимиз йўқ эди. Барибир, ўзаро муносабатимиз яхши. бошқа қариндошларим бу масалага турлича ёндашди. Кўз ёши тўкканлар ҳам, насиҳат қилганлар ҳам, таҳдид этганлар ҳам бўлди.  Аммо буларнинг барчасига мен жилмайиб жавоб қилдим. Мен уларга унчалик аҳамият бермадим. Мен учун энг муҳими, отамнинг муносабати эди. Албатта, ҳаммаси инсоннинг ўзига боғлиқ. бу гапларни эшитган опам жуда ҳам дарғазаб бўлди ва йиғлай бошлади.  Мен унга: «Нега йиғлаяпсан? Ахир мен бахтимни топдим-ку!» дедим. Мен қариндошларимга ҳақиқатан, бахтимни топганимни тушунтиришни хоҳладим, аммо бу осон иш эмас эди.  Мабодо, одам қарор қабул қилиб олса, уни ишонтириш жуда ҳам қийин иш. Сизга қарши бораётганларга жаҳл қилиш асло мумкин эмас. Уларга Қуръони каримда айтилганидек, “Сизга ўзингизнинг динингиз, менга – ўзимники” тамойилига риоя қилиб, мулойим муомала қилган маъқул.

– “Исломда миллатларга бўлиш йўқ” деган таъкидга қандай қарайсиз?

– Менимча, инсон ҳеч қачон ўзининг келиб чиқишини унутмаслиги керак. Биз ахир Ислом динига турли миллатлар эътиқод қилишидан ҳайратланмаймиз-ку. Қариндошларим билан мунозара қилган чоқда мен уларга мана бу мантиқни айтдим, нима мен Исломга киришим учун араб бўлишиим керакми. Дин – бир нарса, миллат бошқа тушунча, уларни аралаштирмаслик керак. Менинг диним – Ислом, миллатим – рус ва ҳамиша рус бўлиб қоламан.  Чунки менинг миллатимда аждодларимнинг қони оқмоқда. Эътиқод билан миллатни ўзаро қиёсламаслик керак. Ҳарҳолда қариндошларим билан яхши муносабатларни сақлаб қолишга муваффақ бўлдим. Чунки мен улар билан кўпроқ дийдорлашишга ва муомалада бўлишга ҳаракат қиламан.

– Диний байрамларни уйда қандай кутиб оласиз?

– Мусулмонларнинг байрамини биз уйда нишонламаймиз. Чунки уйда ёлғиз мен мусулмонман, холос. Шундай бўлса ҳам ўтган йили яқинларим рамазон ҳайити билан қутлашди. Улар байрамларини нишонлаётган чоқ стол устида спиртли ичимликлар пайдо бўлади, мен дарҳол ўзимни четга олишнинг пайида бўламан. Нима бўлганда ҳам, қариндошларим билан Исломга оид мавзуларда жуда ҳам эҳтиёткорлик қилмасдан гаплашяпман. Борди-ю, уларни бирор масала қизиқтириб қолса, саволига дадил жавоб бермоқдаман.

– Сиз исмингизни ўзгартиришни истамадингизми, одатда, Исломга кирганлар шундай қилишади?

– Шу саволга қизиқиб кўрдим. Менга исмингиз, хунук бўлмаса ёки маъноси бемаза бўлмаса ўзгартириш шарт эмас деб тушунтиришди.

– Қизиқ, сизнинг бу қадамингизни мактабдаги ҳамкасбларингиз ва университетдаги курсдошларингиз қандай қарши олди?

– Улардан мени яқиндан билганлари Исломга киришга тайёр бўлиб юрганимдан хабардор эди. Ҳатто менга: “Сен ўзингни насроний деб ҳисоблаган тақдирингда ҳам, барибир, дунёқарашинг мусулмонча бўлиб қолаверади”, дейишар эди. Ўша кезларда мен эътиқодим бўйича опа-сингиллар билан унчалик яқин эмас эдим. Бироқ вақт ўтиши билан улардан қаерда таҳорат олиб, намоз ўқиса бўлиши ҳақида сўраб билиб олдим. Орадан кўп ўтмай, менинг диндош дугоналарим пайдо бўлди. Мен улар билан жума намозига қатнар эдим.

– Кейинги ҳаётингиз қандай давом этди? Ахир рўмол ўраб юриб ишга жойлашиш осон иш эмас…

– Биринчи марта бешинчи курсда ўқиётганимизда Америкага борганда рўмол ўрадим. Муаммолар мактабга педамалиётга борганимда чиқа бошлади. Америкада мусулималар билан дугона бўлиб қолдим, улар менга муслима аёлнинг кундалик кийимини кийишни тавсия қилишди. Ана ўша кундан бери рўмолимдан айрилмайман. Биринчи марта рамазон рўзасини ҳам Америкада тутдим. Мен бу рўзани жуда ҳам интиқ кутдим ва қандай ўтар экан, ахир мусофир юртларда бўлсам, дея ғоят ташвишландим. Шукрки, Парвардигор мададкор бўлди.  Ҳалол таом масаласида ҳам муаммо бўлмади. Мен балиқ ва дуккакли овқатлар билан озиқландим. Тирикчилик учун ресторанда қўшимча иш сифатида ишлаганим сабабли озиқ-овқатда муаммо туғилмади. Диний таълимга бўлган эҳтиёжларимни плееримдан Қуръон ва нашидалар тинглаш билан қондирдим. Ишга кирган вақтимда эса менежерга мурожаат қилиб намоз ўқишга рухсат борми деб сўрадим ва саволимга ижобий жавоб олдим. Ҳатто менинг намоз ўқишим учун алоҳида хона ҳам қилиб беришди.  Ҳамкасбларим буни тўғри тушунди ва белгиланган вақтда мен уларни хабардор қилиб намозимни ўқиб олардим.

– Уммон ортида мусулмонларга муносабат қандай?

– Мен кичкина шаҳарчада яшадим ва ўша шаҳардаги ягона муслима мен эдим. Шу вақтга қадар маҳаллий аҳоли фақат мусулмон сайёҳларни кўрган экан-у, аммо улар билан суҳбатлаша олмаган экан. Янги танишларимдан бири менга ошкора: “Биз мусулмонларни севадиган тоифадан эмасмиз, биз улардан қўрқамиз. Сен билан гаплашиб туриб шунга амин бўлдимки, мусулмонлар ҳеч ҳам хатарли одамлар эмас экан”. Албатта, ана шу сўзларда дунёда юз бераётган ҳодисалардаги бизнинг аксимиз кўринади.

– Ҳозирги ишлаётган жойингизда – сиз дарс бераётган мактабда сизга муносабат қандай?

– Мактаб директорининг ўзи намоз ўқимайди. Аммо муслималарнинг ҳурматини жойига қўяди. Мактабдаги дарсим ва ишим намоз ўқишимга халақит қилмайди.  Дарсларим иккида тугайди ва пешинни ўқиб олишга улгураман.  Агар бошқа жойда ишлаганимда вақт масаласида муаммо бўлиши мумкин эди. Ўқувчилар мени муслима сифатида эмас, педагог сифатида билади. Уларнинг эътиборини бошқа ҳолат: менинг ёш ўқитувчилигим кўпроқ тортди. Шу боисдан ўқувчилар билан осонгина тил топишиб олдик. Ўн биринчи синф ўқувчилари орасида Исломга, насронийликка қизиқувчилар бор ва улар кўплаб саволлар беради. Муслима аёл сифатида мактаб жамоасида бир марта ҳам қинғир кўз билан қараган киши бўлганини сезмадим. Ҳа, қариндош-уруғларим ҳам мени яхшилик билан кутиб олишди.

– Ишга кириш учун бошингизда рўмолингиз билан келганингизда бу ердаги тушунмовчиликлар ва бошқа кўнгилсизликлардан қандай қутулдингиз?

– Албатта, иш тинтив ва шахсий буюмларни титкилаб кўришгача бормади. Бироқ амалиёт ўташ учун Қозонда ишга жойлашиш масаласи сўроқ-саволларсиз кечмади. Менга татар мактабига боришни тавсия қилишди. Мен эса уларга татарчани билмаслигимни айтиб, рўмолда ҳеч қандай ёмон нарса йўқлиги, бор-йўғи у бир парча латта эканини тушунтиришга уриндим. Мени мактабга фақат рўмолсиз ишлашга таклиф қилган Зеленодольскка бормоқчи ҳам бўлдим.  Ҳосили калом, Верхнеуслонский районидаги қишлоқ мактабларидан бирига инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишга жойлашдим. У ерда мендан фақат битта нарсани сўрашди: рўмолим ишлашимга халақит қилмайдими… Ҳозир улар бунга ўрганиб қолди ва менинг ишлашимда ҳеч қандай муаммо йўқлигига ишонч ҳосил қилишди.

– Фестивалда биринчи ўринни олдингиз ва Қуръонни намунали ўқишни кўрсатдингиз, Китоб билан танишар экансиз биринчи марта ўзингизни қачон бахтиёр ҳис қилгансиз?

– Биринчи қилган ишим араб тилини ўрганиш бўлди. зеро, тилни билмасам ўқиётган намозимнинг маъносини тушуна олмас эдим. Дастлаб араб алифбосини ўргандим ва бир неча қисқа сурани ўқиб ёдлаб олдим. Кейин  Зеленодольск мадрасасига ўқишга кирдим ва Қуръонни ўқишни ўргандим. У ерда бизга ажойиб мударрис дарс берди. У муқаддас Қуръоннинг ҳар бир сўзини тушунтириб берарди.  Ўша даргоҳда мен Қуръони карим Аллоҳнинг сўзи эканига қатъиян имон келтирдим-да  оят ва сураларни кўпроқ ёд олишга жазм этдим. Ҳозирги вақтда Россия ислом университетининг шариат фанлари факультетида ўқияпман. Ўқишим менга шу вақтга қадар ўрганганларимни тизимлаштиришни ўргатмоқда.

Римма ГАТИНА суҳбатлашди,

Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди

Manba: hidoyat.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!