"Ислоҳотлар, судьялар ва пенсия": Мирзиёев Конституция байрамида нималар ҳақида гапирди?

"Ислоҳотлар, судьялар ва пенсия": Мирзиёев Конституция байрамида нималар ҳақида гапирди?

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан пойтатдаги Форумлар саройида тантанали йиғилиш ўтказди, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.

Мирзиёев ўз нутқи аввалида Ўзбекистон 26 йил давомида босиб ўтган ғоят мураккаб ва шарафли йўл Бош қомус - Конституциянинг ҳаётбахш кучи ва улкан салоҳиятидан далолат беришини қайд этди.

"Асосий қонунимиз негизида яратилган Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда, инновацион ва индустриал ривожланиш сари одимлашда беқиёс ўрин эгалламоқда. Халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш фаолиятимиз мезонига айланмоқда. Бошлаган улкан ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда ушбу масалаларнинг аҳамияти кун сайин тобора ортиб бораётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда", - деди давлат раҳбари.

Мирзиёев айнан шу сабабли Бош қонунни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш – барча Ўзбекистон фуқароларининг шарафли бурчи эканлигини, фуқаролар қонунларни бузишдан кўра, уларга амал қилишдан манфаатдор бўлишлари лозимлигини қайд этди.

Президент ўз чиқиши давомида кўплаб муаммоларга тўхталди. Хусусан, эскича ишлаётган раҳбарлар ҳали кўплиги, судьялар адолатли бўлмоғи шартлиги, тараққиётни йўлини тўсадиган иллат - коррупцияга қарши ҳар бир давлат идорасида махсус комиссия ташкил этилиши, фуқароларда ҳуқуқ маданияти сустлиги ва бу борада ҳали катта ишлар амалга оширилиши лозимлиги ҳақида.

Президент шунингдек, келгуси йилдан пенсия миқдори оширилиши ва ишлаётган пенсионерларга пенсия тўлиқ тўланиши ҳақида ҳам айтди.

Ўзбекистон раҳбари шунингдек, ўз нутқида жамиятда ҳанузгача боқимандалик кайфияти бутунлай барҳам топмаганига эътиборни қаратди.

"Барчамиз бир нарсани тушуниб олишимиз керак: яхши яшаш учун энг аввало яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга, жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этишимиз зарур. Бунга эришиш эса, фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ. Кўзлаган марраларимиз қанчалик юксак ва машаққатли бўлмасин, уларга етиш учун барча имкониятларимиз мавжуд. Аждодларимиз мероси, халқимизнинг илмий ва бунёдкорлик салоҳияти ҳамда тадбиркорлик фазилати бизга бу йўлда беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади. Биз халқимизнинг фаровон ҳаётини, фарзандларимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш учун бундан буён ҳам бир тану бир жон бўлиб, бор салоҳият, билим ва тажрибамизни сафарбар этишимиз лозим", - деди Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти юрт тинчлиги, Ватан равнақи, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ўғил-қизларнинг илмга, ҳунарга бўлган интилишларини ҳар томонлама кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш келгусида ҳам ислоҳотлар марказида бўлишини таъкидлади.

"Биз ташқи сиёсатимизда узоқ ва яқин қўшниларимиз билан дўстлик алоқаларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, барча соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантирамиз. Чунки билимли авлод – буюк келажакнинг, тадбиркор халқ – фаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса – тараққиётнинг кафолатидир!", - деди Ўзбекистон раҳбари ва барчани Конституция куни билан самимий муборакбод этди.

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!