Ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган, мутасаддилар нега хотиржам?

Ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган, мутасаддилар нега хотиржам?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жорий йил ўтган даврида амалга оширган ишлари ҳақидаги ҳисоботи ҳамда вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фуқароларимизни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш борасида олиб бораётган ишлари ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 8 ойи давомида республика бўйича 173,6 минг иш ўрни яратилиши белгиланган бўлиб, амалда 213 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган, бу прогнозга нисбатан – 122,8 фоизни ташкил этади.

Айни пайтда мамлакатимизда ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этмоқда. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Жиззах, Самарқанд, Фарғона вилоятларида ишсизлик кўрсаткичи юқори бўлиб, ушбу ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш, иш ўринлари яратиш борасидаги ишлар депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилди.

Парламент аъзолари аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича кўрсатилаётган хизматларга ҳам эътибор қаратдилар. Жорий йилда меҳнат органлари томонидан 526 мингдан ортиқ шахсга хизмат кўрсатилган, бу 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга ортган. Лекин депутатлар бандлик органларига мурожаат қилувчиларнинг неча фоизининг хоҳиш ва истаклари қондирилгани, қанча аҳоли мурожаатлари ижро этилмагани билан қизиқдилар.

Шунингдек, жорий йилда илк бор меҳнат бозорига ҳам субсидия ва грант бериш тартиби жорий этилган. Ҳозирги кунда жами 6,3 миллиард сўм миқдорида иш берувчиларга, ишсиз фуқароларга, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламига ва томорқа ер эгаларига субсидиялар берилган. Натижада 6 минг 346 нафар ишсиз аҳоли бандлиги таъминланган ҳамда ажратилган 250 миллион сўм грант маблағлари эвазига 246 нафар ишсиз фуқаро касбга ўқитилган.

Йиғилишда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директорининг фуқароларимизни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги ахбороти ҳам эшитилди.

Маълумотларга кўра, 2,6 миллион нафар киши хорижий мамлакатларга ишлаш учун чиқиб кетган. Мазкур йўналишда юқори кўрсаткич қайд этилган ҳудудлар, хусусан, Андижон, Самарқанд, Наманган каби айрим вилоятларда мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланилмаётганлиги қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Вазирлик томонидан “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганидан сўнг Япония, Корея Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари билан ташқи миграция соҳасида битимлар тузилган. 85 та хусусий бандлик агентлиги томонидан 34,3 минг фуқарога миграция соҳасида хизматлар кўрсатилган, 2,8 минг фуқаро Россия, Корея Республикаси, Туркия, Болгария, Польша, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатларга ишга юборилган.

Шу билан бирга, ўтган вақт давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда агентликка хусусий бандлик агентликлари фаолияти устидан фуқароларнинг салбий мурожаатлари ҳам келиб тушган. Жумладан, хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларга ишга жойлаштириш хизмати кўрсатилмаган бўлса-да, фуқаро томонидан тўланган маблағлар қайтариб берилмаслиги ёки ушбу маблағларни қайтаришда муайян бир қисмини ушлаб қолиш ҳолатлари кузатилган. Натижада махсус рухсатнома асосида 8 та хусусий бандлик агентлигида текшириш ўтказилиб, улар фаолияти атрофлича ўрганилган ва мурожаатлар қаноатлантирилган.

Йиғилишда депутатлар соҳада юзага келаётган тизимли муаммо ва камчиликларни таҳлил қилиб, уларни тезкорлик билан бартараф этиш ҳамда белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш юзасидан ҳукумат вакилларига таклифлар киритдилар.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!