Ишлайман деган тадбиркорнинг қарзидан ҳам кечилади

Ишлайман деган тадбиркорнинг қарзидан ҳам кечилади

Президентимизнинг жорий йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бизнесни ривожлантиришдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтириш, мамлакатда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашда яна бир янги қадам бўлди. 

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Савдо-саноат палатасининг мазкур фармон кучга кирган вақтда мавжуд бўлган қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликни, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари (суд чиқимлари бундан мустасно) бўйича ҳисобланган қарздорликни ҳисобдан чиқариш таклифи маъқулланди. Жумладан, ушбу таклиф 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва 2018 йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорларга, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллангани учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахсларга татбиқ этилади.

 Ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган қарздорликларни ҳисобдан чиқариш, мазкур банднинг тегишли равишда иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган шахслар 2019 йил 1 январга қадар муддатда тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолларда амалга оширилиши белгиланган.

Мазкур фармон билан якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахслардан тегишли фаолият тури бўйича белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш тартиби бекор қилинганини таъкидлаш лозим.

Жорий йилнинг 1 сентябридан тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинди. Демак, текширувларни тайинлашнинг 2 та алгоритми жорий этилмоқда. Жумладан, уларнинг бир қисми Бош прокуратура (Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши тугатилганидан кейин ваколатли орган) билан келишилган ҳолда, бошқалари эса Бош прокуратурани хабардор этиш тартибида ўтказиладиган бўлди.

Таъкидлаш лозимки, назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт. Шунингдек, Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.

Мазкур фармон иқтисодиётимизнинг муҳим бўғини ва таянчи ҳисобланган тадбиркорларнинг фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилиш, ишбилармон доира вакиллари учун қулай муҳит яратишга хизмат қилади.

Manba: zarnews.uz

Бўлимга тегишли бошқа хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!