Ироқда Карбалога кетаётган зиёратчилар орасига автомобиль кириб кетди, 10 киши ҳалок бўлди
Ироқнинг Басра вилоятида Арбаин зиёратида иштирок этиш учун Карбалога йўл олган зиёратчилар карвони орасига автомобиль кириб кетиши оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди, яна 12 киши жароҳат олди.
Фожиа маҳаллий вақт билан соат 03:00 атрофида Басранинг шимоли-шарқидаги Ҳариса тумани ҳудудидаги автомобиль йўлида содир бўлган.
Маҳаллий манбаларга кўра, ҳайдовчи маст ҳолатда бўлган бўлиши мумкин. Бироқ, ушбу маълумот ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.
Ҳодисадан сўнг Басра йўл ҳаракати полицияси йўлнинг мазкур қисмини транспорт ҳаракати учун ёпди. Хавфсизлик кучлари воқеа жойини ўраб олган ва фожиа сабабларини аниқлаш бўйича тергов ишларини бошлаган.
Арбаин зиёрати дунёдаги энг йирик диний тадбирлардан бири ҳисобланади. Ҳар йили миллионлаб шиа мусулмонлари Карбало шаҳрига пиёда зиёрат қилиш учун йўлга чиқади.
