Иқлим инқирозига дунёнинг энг бой одамлари айбдор?!

Иқлим инқирозига дунёнинг энг бой одамлари айбдор?!

Яқинда ўтказилган тадқиқот дунёнинг энг бой одамлари ва иқлим инқирози ўртасидаги боғлиқликни кўрсатиб берди. Бу ҳақда Халқаро фанлар кенгашига таяниб Tengrinews хабар берди.

Барқарор ривожланиш ва кенг кўламли хатти-ҳаракатлар бўйича Кембриж комиссиясининг ҳисоботида таъкидланишича, инсоният иқлим ўзгаришига қарши кураша олиши учун дунё бойлари ўзларининг ҳаёт тарзини тубдан ўзгартириши керак.

БМТ маълумотларига кўра, дунёнинг энг бой одамларининг бир фоизи камбағалларнинг 50 фоизидан икки баробар кўп чиқинди ташлайди. Шунингдек, энг бадавлат кишиларнинг беш фоизи 1990—2015 йиллар оралиғидаги чиқинди газларнинг 37 фоизига сабабчи бўлган.

Кўп миқдорда ёқилғи талаб қилувчи йўлтанламас автомобиллар ва самолётларнинг узлуксиз парвози асосий муаммога айланди.

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, чиқиндилар миқдори кўпайиб бораётгани сабабли инсоният нафақат иқлим ўзгаришини жиловлаш бўйича глобал чораларни, балки бой мамлакатлар ва одамлар ортиқча истеъмолни чеклаш бўйича қатъий чеклов чораларини ҳам кўриши керак.

«Улар энг кўп парвоз қиладиган, энг катта машиналарни бошқарадиган ва иссиқлик талаб қиладиган энг катта уйларда яшайдиган одамлардир. Биз ортиқча истеъмолни камайтиришимиз ва бу ишни табиатга зарар келтирувчи чиқиндиларни энг кўп чиқарувчи элита тоифадан бошлашимиз керак», — деди тадқиқотнинг етакчи мутахассиси, Сассекс университети профессори Питер Ньюэлл.

Таъкидланишича, Британия иқлим ассамблеяси углерод ишлаб чиқаришга сабаб бўлувчи хатти-ҳаракатларга қарши курашиш учун бир қатор чора-тадбирларни таклиф қилди. Улар орасида гўшт ва сут маҳсулотларидан воз кечиш, ҳавони зарарловчи йўлтанламас автомобилларини тақиқлаш ва авиайўловчиларга солиқ солиш каби чоралар бор.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!