Иордания қироли давлат тўнтаришига уриниш билан боғлиқ исён бостирилганини маълум қилди

Иордания қироли давлат тўнтаришига уриниш билан боғлиқ исён бостирилганини маълум қилди

Иордания қироли Абдулла II биринчи марта давлат тўнтаришига уриниш юз бергани ҳақидаги маълумотни изоҳлади, бунинг оқибатда унинг ўгай акаси шаҳзода Ҳамза уй қамоғига юборилган эди. Қиролнинг сўзларига кўра, «исён бостирилган», аммо текширув давом этмоқда, деб ёзади «Коммерсантъ».

«Менинг ака-ука, опа-сингилларим, Иорданиянинг битта оиласи фарзандлари, мен бугун сизга — мутлақ ишонч объекти ва қатъийлик манбаси бўлган оила ва уруғга юзланиб, исён бостирилганини таъкидламоқчиман», — деди Абдулла II фуқароларга мурожаатида.

Қиролнинг сўзларига кўра, у Ҳошимийлар оиласи доирасида шаҳзода Ҳамза муаммоси билан шуғулланишга қарор қилган ва муаммони ҳал қилишни амакиси шаҳзода Ҳасан ибн Талалга ишониб топширган. Якунда «шаҳзода Ҳамза оила қаршида ота-боболари йўлини давом эттириб, уларнинг ўгитларига содиқ қолишга, Иордания манфаатларини, унинг конституцияси ва қонунларини бошқа ҳар қандай ғоялардан устун қўйишга ваъда берган». Айни вақтда Абдулла II маълум қилишича, воқеанинг бошқа иштирокчиларига нисбатан суриштирув ҳали якунланмаган.

Қиролнинг қайд этишича, бу инқироз  — Иордания учун энг оғири эмас, аммо шахсан у учун оғриқли. «Мен Ҳошимийлар оиласининг васийи ва бу қимматли халқнинг етакчиси сифатида шок, оғриқ ва ғазабни бошдан кечирдим», — деди у.

Шунингдек, қирол Иордания иқтисодий қийинчиликларга учраганини ва у халқ юзлашаётган муаммоларни тушунишини таъкидлади.

4 апрель куни Иордания ҳукумати «мамлакат барқарорлигига таҳдид» суриштируви доирасида қироллик собиқ валиаҳд шаҳзодаси ва яна 20 га яқин одамни ҳибсга олгани хабар берилган эди. Марҳум қирол Ҳусайн ва унинг тўртинчи рафиқасининг тўнғич ўғли шаҳзода Ҳамза ибн Ҳусайн Аммондаги ўз саройида уй қамоғига жойлаштирилган. Қиролни тахтдан ағдариш мақсадидаги эҳтимолий фитнани текшириш жараёнида собиқ валиаҳд шаҳзоданинг давлат тўнтаришига уринишда хорижий давлатлар билан тил бириктиргани маълум қилинди. Шунингдек, Қирол Ҳусайннинг беваси, шаҳзода Ҳамзанинг онаси Нур ал-Ҳусайн ўғлига қарши айбловларни «ёвуз туҳмат» деб даъво қилди.

Давлат тўнтаришига уриниш ҳақидаги хабарлар фонида АҚШ, БАА ва бошқа мамлакатлар Иордания қиролини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Кейинроқ Иордания қироли Абдуллоҳ II га қарши фитнада иштирок этганликда гумонланаётган собиқ валиаҳд шаҳзода Ҳамза ибн Ҳусайн монархга содиқ қолишини маълум қилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!