«Инсон қиёфасидаги бўрилар…» Сирдарёда бўғизланган қўйлар ижтимоий тармоқда қандай акс-садо берди?

«Инсон қиёфасидаги бўрилар…» Сирдарёда бўғизланган қўйлар ижтимоий тармоқда қандай акс-садо берди?

Kun.uz сайтида эълон қилинган «Сирдарёда чорвадор фермернинг яйловдаги бўғоз қўйлари ёппасига сўйиб ташланди» мақоласи «Фейсбук» ижтимоий тармоғида қизғин мунозарани келтириб чиқармоқда.

Воқеа бўйича фикр билдираётганлар Сирдарё вилоятидаги масъул раҳбарлар ҳамда ички ишлар органи ходимларини Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган ҳуқуқларни оёқости қилишда, бировнинг мулкига беписандликда, ҳаттоки жиноятда ҳам ҳам айблашган.

Шарҳларда Республика назорат қилувчи органларидан ушбу ҳолат бефарқ қолиб кетмаслиги, мулки талон-торож қилинган фермернинг кўрган зарарлари тўлиқ қопланиб, айбдорлар жазога тортилиши лозимлиги таъкидланган.

Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев шундай ёзади:

«Бунақа фаросатсизликни яна қанча кўрамиз экан, а? Умрида бирор марта қўлига жилла қурса Конституцияни олмаган бунақа зўровонлар бу тизимга қандай келиб қолади, ҳайронсан! Халқ берган погон билан кеккайиш ва одамларни беҳурмат қилишни бас қилишмас экан, бундайларга бизнинг ҳам ҳурматимиз ва ишончимиз бўлмайди ҳеч қачон».

Маҳмуд Йўлдошев: Буларнинг устидан жиноий иш очилиши керак.

Дилшод Зокиров: Аҳмоқ, йўқ аҳмоқ эмас улар, улар НКВД ва СССР сарқитлари. Бир таксичи ҳам айтувди, пахтага тушмаган, тут тагида боғлоғлиқ турган 5та қорамолни милиция далага оп кириб сўйиб кетипти. Шуям ишми?! Халқни рози қилишяптими ё акси?..

Рустам Тоғаев: Бўғоз қўйларни сўйиб, кўп гуноҳ орттиришибди-да, афсус…

Феруза Икромхонова: Тавба! Худодан қўрқмайдими?! Ноинсофлар! Бўғоз қўйларнинг уволи тутсин, илоҳим. Булар инсон қиёфасидаги бўрилар…

Шоҳида Деҳқонова: «Бирники мингга, мингники туманга», деган мақол бор. Афсус, кўпчиликнинг ризқини қийишибди. Айбдорлар қонун олдида жавоб бериши керак. Бечора фермерга етказишган зарар улардан ундирилиши керак!

Инатилло Қурбонов: Даҳшат!!! Боз устига, бу жониворлар амалдаги ветеринария-санитария қоидаларига асосан сўйишдан олдин ва сўйилгандан кейинги ветеринария-санитария кўригидан ўтказилмасдан, барча шароитлари мавжуд кушхона (сўйиш корхонасида) да эмас антисанитария ҳолатида далада сўйиб юборилган. Ҳукук-тартибот ва давлат ветеринария органлари қаерга қарашмоқда? Ахир жуда кўп ўта хавфли юқумли ҳамда сурункали касалликлар ҳайвонлардан одамларга юқиши мумкин-ку? Изоҳга сўз ожиз…

Жамшид Муродов: Бу кимнингдир уй ҳайвони эмас, бу чорвачилик фермасининг мулки ва бу нарса уша фермерни ўша ҳудуд ИИБ ходимларига қўй бермаганининг оқибати. Бу кетишда халқ ва куч тизимлари орасида катта жарлик ҳосил бўлади.

Отабек Хушбоқов: Салла деса каллани қўшиб олиб келадиган бўлиб бораяпти охирги пайтларда! Бу нимадан дарак? Топшириқларни тўлиқ англаб етмасликдан, деб ўйлайман! Гап бошланиши билан «хўп бўлади, бажарамиз», деган жойларда учраб туради бунақа ҳолат!

Холмурод Сориев: Чўпон битта қўйни иккита қилиш учун 365 кун, яъни бир йил кечаю-кундуз ишлайди! Бундан хабари борми бу ноинсоф ҳокиму-мелиса бошлиғининг! Яна бўғоз қўйни сўйиш гуноҳ саналади халқимизда. Минг семиз бўлсаям, гарчи ем-хашагига харажат қилиб қўйган бўлсаям, чўпонлар агар қўй бўғоз бўлиб қолса, ҳеч қачон сўйишмайди, эй худо бехабарлар? Қўйда нима айб?! Айби бўлса чўпонни судга бериб, ўзига жарима сол, ноинсоф! Уволи тутади, ким қилган бўлсаям, бадали оғир бўлади улар учун бунинг!

Йилнинг қурғоқчилик бўлгани, дашт ҳудудларда ўт-ўлан бўлмаганлиги сабабли Самарқанд, Қашқадарё, Навоий вилоятларининг чорвачиликка ихтисослашган МЧЖ, фермер хўжаликлари, аҳоли чорва моллари жуда катта талофат кўрди бу йил. Бундай қурғоқчилик яқин 100 йиллар бўлмаган экан, Шунинг учун улар бу ерларга келишга мажбур бўлишди, ҳеч ким кўрмаган қанча қийинчиликлар, азоблар билан юришибди. Бу ҳолат эса ўлганнинг устига тепган бўлибди. Ахир халқимизда «Элга берсин, эл қатори мен ҳам берсин», «Элда бўлса, этагидан тегади», деган иборалар бор. Агар шу фермерларда бўлса, элга нафи тегадику, ахир?! Масаланинг бу томонини шу ишни қилган раҳбарлар ўйлаб кўришганмикан?

Дилшоджон Бўрев: Жавобгарликка тортилмаслигини билиб, шу ишга қўл уришган. Намойишкорона! Ўзлари суд, ўзлари ижро этувчи орган...


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!