Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият

Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият

Янги Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамияти барпо этиш ва инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат қуриш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдир.

Конституциямизда белгиланишича, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳар томонлама камол топтириш Конституциянинг асосий ғоясига айлантирилган.

Зеро, шахснинг шаъни ва қадр-қиммати, унинг ҳаёти ва соғлиғи ёки шахсий эркинлиги такрорланмайдиган бойликдир.

Конституциямизнинг 26-моддасида, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Шунга асосан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят процессуал кодексининг “Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш” деб номланувчи 17-моддасида судья, прокурор, терговчи ва суриштирувчи ишда қатнашаётган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишлари шартлиги ҳамда ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги каби қоидалар ўз ифодасини топган.

Инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар ошкор бўлишига олиб келадиган, соғлигини хавф остига қўядиган, асоссиз равишда унга жисмоний ёки маънавий азоб-уқубат етказадиган ҳаракатлар қилиш таъқиқланиши шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш принципининг моҳиятини ташкил қилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси мазкур Конвенцияга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 31 августдаги 130-I-сонли
“1984 йил 10 декабрдаги Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвецияга қўшилиш ҳақида”ги қарорига мувофиқ қўшилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 та асосий ҳужжатга қўшилган, БМТ томонидан қабул қилинган 10 та халқаро шартноманинг бевосита иштирокчисидир. Миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига халқаро стандартларни тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўз модели, инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши мониторинги миллий тизими шакллантирилди (манба: uza.uz).

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида потенциал аҳамиятга эга ислоҳотлар амалга оширилсада, тизимлар фаолиятида куч ишлатиш, зўравонлик ҳолатлари ҳам учраб турмоқда.

“Биз сўнгги уч ярим йилда қийноқларга йўл қўймаслик бўйича жиддий ва ортга қайтмайдиган ислоҳотларни амалга оширдик. Лекин, Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши керак”, — дея таъкидлади Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 30 июнь куни видеоселектор йиғилишида.

Бош прокуратуранинг маълумотларига кўра, сўнгги уч йил ичида қўрқитиш ва бошқа таъқиблар бўйича 757 та даъво келиб тушган (2019 йилда — 208, 2018 йилда — 352, 2017 йилда — 197). Шулардан фақатгина 33 таси (2019 йилда — 16, 2018 йилда — 10, 2017 йилда — 7 таси), яъни 4,4 фоизи бўйича жиноят ишлари қўзғатилган (манба: ombudsman.uz).

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида
жорий йилнинг 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида, Инсон ҳуқуқлари маркази, Омбудсман, Тошкент давлат юридик университетига “Инсон қадр-қиммати - энг олий қадрият” махсус ўқув модули бўйича барча ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ходимларини ўқитиш вазифаси юклатилишини таъкидлаб ўтдилар.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, мазкур ўқув модули бўйича барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини ўқитилиши, ўз навбатида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамма нарсадан устунлигини таъминлашда, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиқларга учрашларини олдини олишдаги муҳим тизим бўлиб хизмат қилади.

 

Д. БАЗАРОВА,

Тошкент давлат юридик университети

профессори в.б.

 

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!