Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашда Хитойдаги вазият муҳокама қилинди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашда Хитойдаги вазият муҳокама қилинди

2018 йилнинг 6 ноябрь куни Женевада Хитойдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволини муҳокама қилиш давомида бир қатор Ғарб давлатлари Пекинни дин ва эътиқод эркинлигини, шу жумладан Тибет ва Шинжонда қатъий таъминлашга чақирди. Германия, Франция, АҚШ ва Канада дипломатлари Хитой ҳукуматини мажбурий меҳнат лагерларини ёпишга чақирдилар. Уларнинг сўзларига кўра, бу лагерларда юз минглаб уйғур ва бошқа мусулмонлар йўқ қилинмоқда. Хитой вакилининг таъкидлашича, унинг мамлакати барча 55 та этник гуруҳларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келади. Булар хақида БМТ янгиликлари маълумот бермоқда.


Шу куни Хитой БМТ Ишчи гуруҳининг 31-сессиясида ҳисобот берди. Ишчи гуруҳдан, дунёнинг барча мамлакатларида инсон ҳуқуқларига оид вазиятни умумдавлат даврий текширувдан ўтказиш талаб қилинган. 5 дан 16 ноябрга қадар Хитойдан ташқари, Саудия Арабистони, Сенегал, Нигерия, Мексика, Маврикий, Иордания, Малайзия, Марказий Африка Республикаси, Монако, Белиз, Чад, Конго ва Мальта каби мамлакатларда ҳам ушбу амалиётлар ўтказилмоқда.

Хитой Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Лэ Юйчэн инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги янги қонунлар, жумладан фуқаролик қонунчилиги ва оиладаги зўравонликни бартараф этиш масалалари ҳақида сўзлаб берди. Лэ Юйчэн мамлакатнинг иқтисодий ривожланиш соҳасида эришган ютуқларини ва юз миллионлаб хитойликларни қашшоқликдан қутилишга имкон яратилингани хақида эслатиб ўтди. "Инсон тараққиёти соҳасида катта муваффақиятларга эришилди.

Хитойда амалга оширилган ислоҳотлар иқтисодий ўзгаришларга олиб келди, бу 1,4 миллиард кишининг камбағалликдан қутилишига ва нисбатан фаровонликда яшашига имкон берди ... ", деди Хитойлик дипломат. У интернет тармоғига аҳолининг уланиш имкониятларини кенгайганлиги ҳақида сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат сўз эркинлигини, шу жумладан, Интернетда ҳам чекламайди. "Хитойда дунёдаги энг кўп интернет-фойдаланувчилар мавжуд", - деди вазир ўринбосари.

Ишчи гуруҳ мажлисида Хитойнинг ҳисоботига юзасидан, 150 дан ортиқ давлат вакиллари сўзга чиқдилар. Уларнинг ҳар бирига 45 сония ажратилди. Кўплаб делегациялар Пекиннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқларини мамнуният билан кутиб олишган бўлишса, бошқалари мамлакатдаги ўлим жазоси қўлланишини, сўз эркинлиги чекловлари, этник ва диний озчиликлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларга нисбатан таъқиб этилишини қаттиқ танқид қилдилар.

Россия Федерациясининг вакили Алексей Гольтяев, Хитой инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қонунчилик базасини мустаҳкамлаётганини таъкидлаб ўтди ва Пекиннинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ равишда уни такомиллаштиришни давом эттиришни тавсия қилди. У нодавлат ташкилотлар, шу жумладан мамлакатдаги хорижий нодавлат ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш бўйича ислоҳотларни маъқуллади. Алексей Гольтяев Хитой ҳукуматининг "миллий озчиликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, уларнинг ҳукуматда иштирокини кенгайтириш" борасидаги ишларини қайд этиб ўтди. Бироқ, бир неча бошқа мамлакатлар дипломатлари ушбу масала юзасидан қарама-қарши фикр билдирдилар.

"Биз Хитой ҳукумати уйғурларни, қозоқларни ва мусулмон озчиликларнинг бошқа аъзоларини, айниқса Шинжон Уйғур автоном районида, тобора кўпроқ зулм ўтказаётганидан хавотирдамиз", деди АҚШ вакили Марк Кассайре. У Хитой ҳукуматининг Шинжондаги интернирлаш лагерларида барча турдаги мажбурий қамоқларни тақиқлашини ва шу лагерларда бўлган "юз минглар, балки миллионлаб инсонлар" ни дарҳол озод этишни тавсия қилди.

АҚШ дипломати Пекинни ҳуқуқ ҳимоячиларини ва уларнинг оила аъзоларини таъқиб қилишни ва экстерриториал ўғирлаб кетишларни бас қилишни, уй қамоғига олиш ва саёҳат учун чекловларга барҳам бериш учун чақирди. Шунингдек, у Пекиндаги ҳукуматлар диний раҳбарларни, жумладан, Тибет Буддистлик етакчиларини тарбиясига аралашмасликни таклиф қилди. Қўшма Штатлар, Вашингтон аввалроқ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашдан чиқиб кетганини эълон қилганига қарамай, муҳокамада иштирок этиш истагини билдирди.

Австралия, Германия, Канада, Франция вакиллари ва қатор бошқа мамлакатлар вакиллари Хитойга ишчи лагерларини ёпиш ва қамоқхоналарда мусулмонларни оммавий қамоққа ташлашни тўхтатишга чақирди. Франциялик дипломат Франсуа Ривассо дин ва эътиқод эркинлигини кафолатлашни тавсия қилди. У жинсий озчиликка қарши камситиш ва зўравонликларга чек қўйишга чақирди.
Хитой Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Лэ Юйчэн, Хитой миллий озчиликлар, шу жумладан этник ҳуқуқлар бузилишига йўл қўйилмаётганлиги хақида ишонтиришга харакат қилди. "Биз этник озчиликларнинг ҳуқуқларини қонунларимизга мувофиқ ҳимоя қилишни таъминлаймиз. Барча 55 та этник озчилик ва гуруҳлардан Халқ миллий конгрессида ва Хитойнинг Халқ сиёсий маслаҳат кенгашида вакиллари мавжуд», - дея таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, умумжаҳон тамойиллари Механизмининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида янги бўлими очилган эди. Уни ўтказиш тўғрисидаги қарор БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 15 мартда қабул қилинган.
Айни пайтда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши умумжаҳон даврий текширувнинг учинчи даврасини ўтказмоқда. Алоҳида равишда яратилган махсус Ишчи Гуруҳ инсон ҳуқуқларига давлатлар қандай риоя қилишини ўрганиб чиқади, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқлари ва муваффақиятсизликларини таҳлил қилади ва бу борада тавсиялар беради.

Ҳар бир мамлакат учун уч нафар махсус маърузачилар тайинланади. Уларнинг барчаси Кенгаш аъзолари бўлган давлатларнинг вакиллари. Хитой бўйича маърузачилар Кения, Саудия Арабистони ва Венгрия вакилларидан тайинланди. Кенгашга аъзолигидан қатъий назар, барча давлатлар муҳокамада иштирок этиши мумкин.

Manba: ufq. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!