Имомларда сўз эркинлиги борми?

Имомларда сўз эркинлиги борми?

Сўнгги вақтлар тан олишимиз керак, матбуотимиз анча эркинлашди. Сўз эркинлигининг бўғилиши инсоннинг қамоқхонада ўтиргани кабидир. Ҳатто ўй-фикрларингиз ҳам гўё зиндондагидек. Қарийб бир аср фикрлар, сўзлар бўғилган ҳолатда бўлди. Сўз эркинлиги деб қанча ҳурфикрлар қатағонга учради. 

“Кичкина табиб” филмидаги Машраб образини эсланг. Ўша қаҳрамоннинг кўп қаватли уйнинг томига чиқиб,  "Гапиришга тилим бор-у, лекин хақим йўқ" деб аламдан қилган фарёди олам-олам маъноларни англатади... Бу халқ томга чиқиб бўлса-да фикрини очиқ айтишга қўрқиб қолганди. Неча йиллар давомида гапиришга ҳақимиз бор эди-ю, аммо тилимиз кесилганди. Аллоҳга беҳисоб ҳамдлар бўлсинки бугунги оммавий ахборот воситалари анча эркинлашган. Хато бор жойда баралла гапиряпти. Бу биз учун жуда катта  ижобий натижа. Журналистлар ҳам ўз касбларига виждонан ёндашиб халқнинг дардини, камчиликларини ҳукуматга етказяпти. Ҳукумат ҳам кўп ҳолларда буни эшитяпти ва муаммонинг ечимини излашга ҳаракат қиляпти. Келинг, узоққа бормайлик. Бундан 5-10 йил илгариги вақтни олсак, ҳукуматнинг бир вакилини танқид остига олган журналист мушкул аҳволда қолар, ишидан ҳайдалар ёки қамаларди. Ёки бирон чет мамлакатга қочиб кетарди. 

Матбуот сўнги йилларда анча яхши натижага эришганини эътироф этмасдан иложимиз йўқ.

Энди бир мулоҳазани сизга айтсам: матбуотга берилган эркинликни имомларимизга ҳам беринг. Улар ҳам эркин маърузалар қилишсин. Имомларимиз ҳам аслида ижодкор. Ҳар жума маърузасида уларни қолипга солиб эркинлигини бўғманг. Агар ўзларига қўйиб берсангиз бир ҳафта давомида ўзи тайёрлаган мавзуни жамоатга етказади. Бу эса илмлар хилм-хиллиги, мавъизаларнинг турли-туманлигига сабаб бўлади. Қарабсизки, кейин ёшларимиз кўчадан, интернетда маъруза изламайди, ўзимизники билан қаноатланади. Бу эса жуда кўп ёшларнинг нотўғри оқимларга кириб кетишининг олдини олиши мумкин. Журналистларнинг танқидларини тоқат қилиб эшитяпсиз. Билингки имомларимизнинг ҳам сизга айтар сўзи, насиҳатлари бор. Уларни ҳам тинглаб,  насиҳатларидан хулоса чиқарсангиз нур устига нур бўлади.

Туркияда сафарда вақтимизда масжидларда имомларнинг шариатга мос, ўта эркин, жамоатнинг талабига ва турли мавзуларда маъруза қилишининг гувоҳи бўлдик. 

Масжиддаги имомлар аслида сизнинг вакилингиз. Уларнинг эркинлиги эса халқ учун жуда муҳим масала. Бир хил мавзудаги тезис билан уларнинг ижодий қобилиятини сўндирманг. Агар имомларимизга эркинлик берилса улар изланиб, халққа Қуръон оятларнинг энг дақиқ маъноларини тушунтириб беради, маънавиятимизни энг юқори чўққига олиб чиқади, иншаАллоҳ. 

Ёрқин Эрназаров

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!