«Иложсизликдан шу ерларда ишлаяпмиз». Ақтўбе фожиасидан омон қолган икки ўзбекистонлик иш излаб яна хорижга кетди

«Иложсизликдан шу ерларда ишлаяпмиз». Ақтўбе фожиасидан омон қолган икки ўзбекистонлик иш излаб яна хорижга кетди

Бундан роппа-роса икки йил аввал — 2018 йилнинг 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида Чимкентдан Россиянинг Қозон шаҳрига 54 ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини олиб кетаётган автобус ёниб кетганди. Автобус носоз бўлган, иситиш тизими мутлақо ишламаган, боз устига, автобус эгасида йўловчи ташиш учун лицензия ҳам бўлмаган. Тергов маълумотларига кўра, ёнғинга автобус салонида исиниш учун ёқилган кавшар лампа сабаб бўлган. Автобуснинг қандайдир 10—15 дақиқа ичида бутунлай ёниб кетиши эса лампа ёқилган жойда бир неча канистр бензин борлиги билан изоҳланади.

Кейинчалик автобуснинг қозоғистонлик уч ҳайдовчиси беш йилга озодликдан маҳрум қилинди; воқеадан сўнг яшаш жойидан қочиб кетган автобус эгаси орадан 10 ой ўтиб Тошкентдан топилди — унга нисбатан уч йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу гапларнинг воқеа оқибатида 52 ўзбекистонликнинг ёниб кетгани олдида, албатта, сариқ чақалик аҳамияти йўқ. Қозоғистонлик экспертлар ҳалок бўлган ўзбекистонликлар ёнғин вақтида уйқуда бўлгани ва ис газидан ҳалок бўлганини таъкидлайди — ёнғин пайти одам уйқудан уйғона олмайди ва ҳушига келмай вафот этади.

Оиласини боқиш, уй-жойини бутлаш, оила қуриш ва бошқа шу каби одатий ўзбекча мақсадлар билан ишлагани Россия томон йўлга чиқиб, ярим йўлда ёниб кулга айланган ўғлонларнинг 16 нафари Фарғона вилоятидан, икки нафари Андижон вилоятидан, икки нафари Тошкент шаҳридан, бир нафари Сурхондарё вилоятидан эди. Фожиада энг кўп Наманган вилояти ўз фарзандларини йўқотган эди — 31 киши. Айни вақтда, мўъжиза туфайли омон қолган икки ўзбекистонлик ҳам айнан Наманган вилоятидан эди.

Фожиадан омон қолган Аҳрор Исоқов ва Исроил Мирзааҳмедов 2018 йилнинг сентябрида охирги марта интервью берганди. Ўшанда уларнинг иккиси ҳам Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси (ИЭС)да ишлаётганди: бири бригадир, иккинчиси темирчи.

Ўшанда Аҳрор 2018 йил 18 январда рўй берган ҳодиса тафсилотлари билан бўлишганди.

Россияга мунтазам қатнайман, қурилишда деярли ҳамма иш қўлимдан келади. Бу гал Қозон шаҳридаги бир объектни битказишга отлангандик. Мен автобуснинг олд ўриндиғида ҳайдовчилар ёнида ўтиргандим. Ёнғин рўй берган пайт кўзим илинган экан. Кучли шовқиндан уйғониб кетдим. Автобус аланга ичида қолган, менинг ҳам шимим ёна бошлаганди. Жон ҳолатда ўзимни пастга отдим. Нима бўлаётганини англаган пайтимда автобус буткул ўт ичида қолганди.

Ўша кунлари ҳаво ҳарорати ўта пасайиб, автобуснинг ичи музлаб кетганди. Шунинг учун салон кавшар лампа билан иситилган. Автобусдаги оғзи очиқ беш литрли канистрда бензин бўлган. Ўша канистрдаги бензин аланга олиб, бутун автобус ўт ичида қолган.

Йўловчиларнинг ҳаммаси автобуснинг иккинчи қаватида бўлган. Эшиклар қулфланиб қолган, ёнғин чиққанда ҳамма ўзини орқа эшикка урган. Автобус эшиклари ҳаво билан ёпилгани учун ҳодиса пайти ишдан чиққан, орқа ва ўрта эшиклар қулфланиб қолган. Биринчи навбатда автобуснинг орқа эшикларини очмоқчи бўлдик, иложи бўлмади. Иккинчи қават ойнасига икки-уч марта ўт ўчириш мосламасини отдим, автобус ҳайдовчиси ҳам уриниб кўрди. Аммо ойналар жуда мустаҳкам бўлгани учун синдиролмадик.

Бир соатлардан кейин шифокорлар, ўт ўчирувчилар, полиция келди. Бу пайт автобус бутунлай ёниб бўлганди.

Аҳрор Исоқов (2018 йил сентябрь)

Исроил Мирзааҳмедовнинг қўшимча қилишича, унинг автобусда эшикка яқин ерда бўлгани ўз жонига оро кирган. Шунда ҳам куйиш жароҳатлари, шикастланишлар билан бир муддат шифохонада даволаниб чиққан. У бундай фожиада омон қолганини Яратганнинг марҳамати деб ҳисоблашини айтганди ўшанда.

«Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев Ақтўбе фожиасига икки йил тўлиши муносабати билан Аҳрор Исоқов ва Исроил Мирзааҳмедов билан учрашиш учун Тўрақўрғон туманида бўлди. Аммо бу йигитларни уйдан топишнинг имкони бўлмади. Улар бир неча ой олдин иш излаб, хорижга жўнаб кетгани маълум бўлди. Аҳрор Россияга, Исроил эса Қозоғистонга йўл олган. «Дарё» мухбири уларнинг оила аъзолари  билан учрашди, ўзлари билан ижтимоий тармоқлар орқали мулоқотда бўлди.

Аҳрор Исоқов: Жичча қиммат бўлса ҳам, самолётда келаверинглар

Аҳрор Исоқов 31 ёшда. У 80 ёшни қоралаган Иброҳим ота ва 70 дан ошган Тожихон аянинг беш ўғил ва икки қиздан сўнг туғилган кенжа фарзанди. Ҳозирда қишлоғидаги бир неча йигитга бригадирлик қилиб, Москвадаги қурилиш компаниясида ишламоқда.

Ҳозир Москвада, Talos компаниясида ишлаяпман. Уйлар, офислар, спорт объектлари қурамиз. 25 га яқин ҳамқишлоқ йигитлар билан бирга 2019 йил июнида келгандик. Самолётда келдик — самолётда қатнаган яхши экан. Шериклар «балки бошқа транспортда борармиз» деганида ҳам, «жичча қиммат бўлса ҳам, самолётда келаверинглар», дедим.

Иш жойимиздаги шароитлардан нолиш йўқ — ётоқ, иссиқ овқат билан таъминланганмиз. Йигитлар уйга ҳар ой 500—600 доллар пул жўнатиб турибди. Ҳа, Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилишида бригадир бўлиб, 4 миллион сўм маош олиб ишлаётгандим, аммо у ерда иш тугай деб қолганди.

Аҳрор Исоқов

Аҳрор Исоқов 1,5 йил аввал берган интервьюсида шундай иш ва маош бўлиб турса, иссиқ ўрнини совутиб Россияга кетишига ҳожат йўқлигини айтганди. Ота-онаси ҳам уни энди ҳеч қаерга қўйиб юбормасликка қарор қилганди. Иш борасидаги мавҳумликдан сўнг, у яна Россияга йўл олган.

Олти-етти нафар бригадир эдик, шундан уч-тўрт нафарини олиб қолиб, қолганига жавоб берамиз, дегандек гап бўлаётганди. Шунинг учун, «эртага жавоб бериб юборса, яна ишсиз қолиб кетмай» деб, буёқда иш чиқиб қолганди — келавердик-да. Уйдагиларга ҳам тушунтирдим, ишлаб келмасам бўлмайди, деб. Худога шукр, отамни ҳам Ҳажга жўнатдик.

Аҳрор Исоқов

Ақтўбе фожиасидан кейин берган илк интервьюсида Аҳрор Исоқов Tashkent City’да ишлаш нияти борлигини маълум қилганди. Унинг бу истаги яқин орада амалга ошиши ҳам мумкин.

ИЭС қурилишида бирга ишлаган турк фирмаси раҳбарлари Tashkent City’дан ҳам объект олибди, «Шу ерга келасан, бирга ишлаймиз», деяпти. Насиб қилса, балки, яқин орада Ўзбекистонга қайтиб ҳам қолармиз. Ҳокимиятга бориб, «менга иш топиб бер» дейиш, тўғриси, сал ҳижолатли. Лекин қаерда бўлса ҳам, ишимни кўрсатиб, ишлай оламан.

Аҳрор Исоқов

Аслида Аҳрор учун юртига қайтишга яна бир арзигулик сабаб бор. 30 дан ошганида илк фарзанд — ўғилли бўлди. Унга яхши ниятлар билан Имронбек деб исм қўйишди.

Исроил Мирзааҳмедов: Ўзимга қолса, ҳозироқ оилам бағрига қайтиб кетардим. Лекин бунинг иложи йўқ

39 ёшли Исроил Мирзааҳмедов оилада катта ўғил ҳисобланади. У ота уйида икки укаси ва уларнинг оилалари билан яшаган. 2019 йилнинг бошида кўп қаватли уйнинг 4-қаватидан ипотека кредитига 2 хонали квартира олган. Исроилнинг турмуш ўртоғи Матлубахон Мирзааҳмедованинг сўзларига кўра, 87 миллион сўмга баҳоланган 2 хонали квартирани 10 миллион сўм бошланғич тўлов билан 20 йиллик ипотека асосида олишган. Ҳозирда оила уй учун ҳар ой 550 минг сўм тўлов қилади.

Исроил ишлаш учун яна Россияга боришга қарор қилган, аммо депортация қилингани туфайли Россияга киролмаган.

Аслида яна Россияга кетмоқчи эдим, депортациям бўлгани учун мажбурликдан Қозоғистонга келдим. Қачон, қандай қилиб депортацияга тушиб қолганимни ўзим ҳам аниқ билмайман. Охирги марта 2016 йил февралида Россияга борганман, орада Қозоғистонга чиқиб-кириб юрдим. 2018 йил январида Россияга кетаётганимда нима бўлганини биласиз.

Ўзбекистонга қайтгач, ИЭСда беш-олти ой ишладим. Қарасам, ойлик жуда паст, 1,5 миллион сўм маош рўзғорга етмаётганди. Боз устига, кредитга намунали уй олганман — ҳар ой 550 минг сўм атрофида тўлов қилиш керак. Шундай қилиб, яна Россияга боришга ҳаракат қилиб, таксида йўлга чиқдим. Россия чегарасида «депортация қилинган экансан», деб қайтариб юборишди.

Ҳозир Қарағанда (Қозоғистон)даги ун заводида 400 долларга яқин маош олиб ишлаяпман, 300 долларини уйга жўнатаман. Тўрт фарзандим бор — қизларим катта бўляпти, ҳадемай уларни турмушга бериш, ўғилчаларни эса ўқитиш керак. Агар Ўзбекистонда ҳам 300—400 доллар маошлик иш бўлганида эди, ҳеч қаерга кетмай, ўзимизда ишлардим, афсуски, бизда бунақа маош йўқ.

Ҳали ҳам ўша кунларни эсласам юрагим орқасига тортиб кетади. «Нега шу ерларга яна келдим?» деб ўйлаб қоламан. Ўзи ўша сафарга қишлоқдан тўрт киши отлангандик. Фожиада ёнимдаги ўриндиқда ўтирган энг яқин ўртоғим Комилжон ҳам омон қолмади. Шулар ёдимга тушиб, сиқиламан, кўзимга ёш келади. Лекин нима қиласиз, тирикчилик эканда...

Исроил Мирзааҳмедов

Шу ерда ишласангиз бўлмайдими деб хўжайинимга айтдим. Аммо иложи бўлмади. Бу ерда ойликлари 1,5 миллион сўм эди. Уй тўлови ва бир этак фарзандлар билан умуман тўплай олмадик. «Икки хонали уй билан қизларимизни чиқара олмаймиз, ўғилларимизни уйлантира олмаймиз», дедик-да, «уй-жой қиламиз, ҳовли олмасак бўлмайди», дедилар. Яхши бўлсин деб рози бўлдим.

Матлуба Мирзааҳмедова

Исроил май ойига қадар Қозоғистонда ишлаб турмоқчи. Кейин эса яна Россияга кетишни ният қилган.

Ҳозир ишлаб олмасам, ҳаш-паш дегунча умр ўтиб кетади. Икки хонали уйда қолиб кетмасмиз — ҳовли-жой қилиш ниятимиз бор. Бу ерда ҳам иш осон бўлаётгани йўқ. Ун чиқарамиз, юклаймиз. Бир кунда бир одамнинг устида 30—35 тонна юк ўтиб кетади...

Қарағандага автобусда келдим, худди 2018 йил январида ёниб кетган автобусдек автобусда, чунки самолёт ва поезд қиммат, шундан бошқа автобус йўқ. Бошқа ватандошлар ҳам шундай келяпти, иложи йўқ, ҳамма масала бориб пулга тақалади.

Бу ерларда иложсизликдан келиб ишлаяпман. Мен ҳам фарзандларимни соғинаман. Ўзимга қолса, ҳозироқ она юртимга, оилам бағрига қайтиб кетардим. Лекин бунинг иложи йўқ — қайтиб кетсам, кредит ва овқатга пулни қаердан оламан, ким беради? Берса ҳам қарзга берадими — бир кун ўтмай қайтар деб сўраб чиқади. Бу нарсалар менга ёқмайди, ёқмаганлиги учун ҳам шу ерларда ишлаб юрибман.

Исроил Мирзааҳмедов

Аҳрор Исоқов ва Исроил Мирзааҳмедов билан уюштирилган бир ярим йил аввалги интервью-репортаж шундай сўзлар билан якунланган эди: «Уларнинг кўнглини хотиржам қиладиган ҳолат шуки, эрта-индин Тўрақўрғонда яна бир гигант корхона — Hyundai заводи қурилиши бошланади...». Бунда улар ИЭС қурилиши якунига етганидан кейин ҳам ишсиз қолмаслиги, ҳудудда яхши маош тўланадиган муносиб иш ўринлари яратилишига бир мужда бор эди. Бахтга қарши, 2018 йил ноябрида тамал тоши қўйилган, 2019 йил апрелида қурилиши бошланган (тамал тоши қўйишнинг ўзи қурилишнинг бошланишини англатмайдими, дегинг келади) биргина автозавод лойиҳаси билан (у ҳам чалажон бўлса, урди Худо!) бу муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Ҳал қилиб бўлмаганини даҳшатли фожиадан сўнг ҳам оила боқиш, орзу-ҳавасларга етиш нияти билан яна совуқ ўлкаларга жўнаб кетган Аҳрор ва Исроил ҳикоялари исботлаб турибди.

Азизбек Абдувалиев суҳбатлашди, Дилшод Шарипов нашрга тайёрлади

Manba: daryo.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!