Илк Президент мактабини қуриш ишлари бошланди

Илк Президент мактабини қуриш ишлари бошланди

2019 йилнинг 7 март куни Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида Президент мактабининг қурилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Тантанада Ўзбекистон Республикаси бош вазирнинг биринчи ўринбосари Ачилбой Раматов, Бош прокурори Отабек Муродов, Халқ таълими вазири ўринбосари Иброҳим Джураев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши раиси Муса Ерниязов, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этдилар.

Ачилбой Раматов, Муса Ерниязов ва Нуроний жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раҳбари Шарап Уснатдинов Президент мактабининг пойдеворига капсула қўйиб, мактаб қурилиш ишларини бошлаб бердилар. Янги мактаб Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университети олдидаги ҳудудда қурилади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 20 фeвралида Прeзидeнтимиз Шавкат Мирзиёeв Прeзидeнт мактабларини ташкил этиш тўғрисида ги Қарорни имзолаган эди. Ҳужжатга кўра, Прeзидeнт мактаблари мамлакатнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич ташкил этилади.

Биринчи учта мактаб жорий йилда Нукус, Тошкeнт ва Хивада очилиши белгиланган эди. 2019 йилда Президент мактабини Наманган шаҳрида ҳам қуриш бўйича қарор қабул қилинди. 2020-2021 йиллар давомида мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида ҳам Президент мактаблари ташкил этилади.

Ушбу мактабларга қабул қилиш республика таълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасида Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра амалга оширилади.

Президент мактабининг йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил 12 нафардан ўқувчи тақсимланади. Биринчи ўқув йилида эса 5-10-синфларининг ҳар бир мактаб 144 нафардан ўқувчи ўқишга қабул қилади.

Ўқув жараёни эса хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида амалга оширилади ва STEAM - таълим (Science - табиий фанлар, Technology - технология, Engineering - техник ижодкорлик, Art - санъат, Mathematics - математика) дастури асосида олиб борилади.

Президент мактабининг 9-11-синфларида таълим олиш ўқувчиларнинг қизиқишлари ва хусусиятларини, айрим фанни танлаш ва уларни ўрганиш даражасини инобатга олган ҳолда индивидуал ўқув жараёни асосида амалга оширилади.

Президент мактаблари битирувчиларига, белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўладилар, бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.

Кембриж Университетининг Cambridge Assessment International Education бренди остида фаолият юритувчи Имтиҳон Кенгаши Президент мактабларига қабул имтиҳонларини ташкил этиши кутилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!