ИИВ: Маҳкумларнинг видеоконференцалоқа орқали қисқа муддатли бир маротаба учрашуви 5300 сўм этиб белгиланади

ИИВ: Маҳкумларнинг видеоконференцалоқа орқали қисқа муддатли бир маротаба учрашуви 5300 сўм этиб белгиланади

 

Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар билан видеоконференц орқали 15 дақиқагача қисқа муддатли учрашувлар ўтказишга рухсат берилади. Бу ҳақда Жазони ижро этиш бош бошқармаси Тарбиявий ва ижтимоий психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи, подполковник Жамшид Султонов «Дарё»га маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, жазони ижро этиш тизимига ИТ-технологияларни жорий этиш, жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ва уларнинг оила аъзоларига қулайлик яратиш мақсадида маҳкумларнинг қариндошлари ва бошқа шахслар билан бўлиб ўтадиган учрашувлари видеоконференцалоқа режимида онлайн тарзда ўтказилиши маълум қилинган эди.

Жамшид Султоновнинг «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимовга маълум қилишича, жазони ижро этиш муассасалари (ЖИЭМ)да жазони ижро этаётган маҳкумлар билан видеоконференцалоқа орқали қисқа муддатли учрашувларни ўтказиш тартиби ишлаб чиқилган.

«Ҳозир ушбу тизим тест режимида ишламоқда. Бунда маҳкумлар жазони ижро этиш муассасасида туриб, маҳкум билан кўришмоқчи бўлганлар жойлардаги пробация жойларида туриб видеоконференцалоқа орқали қисқа муддатли учрашувларни ўтказиши мумкин. Амалдаги қонунчиликка кўра, учрашувлар ўртада тўсиқ бўлган ҳолда ташкил қилинади. Шунинг учун бу қўшимча чиқимларни олдини олиш, қариндошларини йўлкира харажатларидан озод қилиш мақсадида қўлланилмоқда. Бундан ташқари, замонавий технологияларни ЖИЭМга жорий этилаётган янгиликларимиздан биттаси», – деди ИИВ вакили.

Мавзуга доир: «Ўзбекистон қамоқхоналарида намоз ўқиш ва рўза тутиш бўйича чекловлар йўқлиги маълум қилинди»

Султоновнинг тушунтиришича, қисқа муддати учрашувлар 2 ёки 3 ойда бир маротаба ўтказилиши белгиланган.

«Шунга мувофиқ видеоконференцалоқа ҳам шу муддатга мувофиқ ўтказилади. Муддат келганида маҳкумнинг қариндошлари жойлардаги пробация бўлимига мурожаат қилиши мумкин. Пробация бўлими ЖИЭМ билан боғланиб, учрашув ташкил этиб беради. Учрашув 15 дақиқагача давом этади. Алоқа хизмати учун 5300 сўм ҳақ олинади. Тўловни келишган ҳолда маҳкум ёки унинг қариндоши тўлаши мумкин. Ушбу сумма хизмат тақдим этаётган провайдирнинг белгилаган нархига монанд ўзгариб боради», – деди у.

Аввалроқ Зангиотадаги жазони ижро этиш муассасалари ходимлари тест режимида бодикамералар билан таъминлангани ва бу босқичма-босқич оммалаштирилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тизимдаги 54 та жазони ижро этиш муассасалари 3 минг 280 та замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган. Шундан 2 минг 203 таси жазони ижро этиш муассасаси яшаш саҳнига, 432 таси ишлаб чиқариш саҳнига, 645 таси ташқи маъмурий ҳудудга ўрнатилганлиги ҳақида маълумот берилган эди. 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!