"Ҳокимнинг онасиман, ҳокимнинг опасиман” деб одамларни 645 млн сўмга "ухлатган" аёл қўлга олинди

"Ҳокимнинг онасиман, ҳокимнинг опасиман” деб одамларни 645 млн сўмга "ухлатган" аёл қўлга олинди

Бундан бир неча кун олдин, Мадреймова Тамара исмли фуқаронинг Хўжайли тумани ҳудудида фирибгарлик жиноятларини содир этиб юрганлиги ҳақида маълумот берилган эди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан олиб борилган тезкор ишлари натижасида шубҳа остига олинган ҳолатлар ўз тасдиғини топди.
Мадреймова Тамара Жандуллаевна муқаддам 5 маротаба фирибгарлик жиноятларини содир этиб, судланганига қарамай, 2018 йил декабридан 2019 йил августига қадар фуқаро С. Ж.  билан танишиб, ўзини “Хўжайли тумани ҳокимининг опасиман” барча муаммоларингизни ўзим ҳал қиламан, ер олиб бераман ҳамда “Нукус шаҳар Марказий бозордаги бузилган 9 та дуконингизнинг пулларини ундириб бераман” деб алдов йўли билан ишончга кириб, унинг жами 645.000.000 (олти юз қирқ беш миллион)  сум нақ пулларини қўлга киритган ва шу кунгача қайтариб бермай, чув туширган.

Энг асосийси, хавфли рецидивист ҳисобланган Т.Мадреймова мобил телефон орқали ўз овозини ўзгартириб гаплашган. Яъни “мен ҳокимнинг онасиман, ҳокимнинг опасиман” деган ҳийла-найранглари билан одамларни ғафлатда қолдирган.

Хўжайли тумани ҳокимлигининг Ахборот хизматининг қўшимча қилишича, Ҳозирги вақтда Хўжайли тумани ИИБ Терговчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик йўли билан жуда кўп миқдорда зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Т.Мадреймова тегишли тартибда, қамоққа олинган.

Тергов натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!