Ҳокимиятга чиқмадик, “портал”га ёзмадик... Ёхуд ганжиравонлик ёшлар кексаларни яхши маънода “уялтириб“ қўйишгани ҳақида

Ҳокимиятга чиқмадик, “портал”га ёзмадик... Ёхуд ганжиравонлик ёшлар кексаларни яхши маънода “уялтириб“ қўйишгани ҳақида

Данғара туманининг Кичик Ганжиравон қишлоғи аҳли бир неча йиллар аввал қиш мавсумида лойли кўчаларнинг “кач-кач” манзараси, жазираманинг чанг тўзони ва йўлларнинг нобоплигидан қийналишарди. Қизиғи, улар бу муаммоларни ҳал қилиш учун ёрдам сўраб на маҳаллий ҳокимликка ва на “портал”га мурожаат қилишди. Бу гал оқсоқоллар эмас, балки қишлоқнинг 1981 йилда туғилган ёшлари ва кўнгилли ўсмирлар уюшиб муаммоларни бирма-бир ҳал этишга киришди. Натижада қишлоқнинг марказий Халқобод кўчасида 1,5 километрли эни 15 сантиметр бўлган мустаҳкам бетон йўл ҳашар йўли билан бунёд этилди. Янги хонадонлар қурилиши давом этаётган параллел маҳаллада 300 метр асфальт ва 400 метр бетон қопламали йўл қилинди. Қолган қисми шағаллаштирилди. Ҳудудга 3 та сув узатиш миноралари келтирилиб фойдаланишга топширилди.

-Очиғи, айнан ёшлардан бундай ташаббус чиқишини қишлоқ катталари кутишмаганди, - дейди маҳалла фуқаролари йиғини раиси Давлатжон Усмонов. -Эътиборлиси, шу ташаббускорликка қанча маблағ сарф этилганлигининг аниқ суммасини ҳеч ким билмайди.Чунки маҳалла ва ўзининг ватани учун қилаётган хайрли ишнинг миқдори, суммаси эгаси томонидан сир тутиляпти. Буни тушунаман, “Савоби кетиб қолмасин”га шу йўлни тутишади қишлоқдошларимиз. Эрталаб маҳаллага чиқсангиз “номаълум шахс” маҳаллага фалон камаз шағал тўкиб кетган бўлади, бошқа куни маҳалланинг қаеригадир нечадир тонна цемент туширилади. Хуллас, бу умринг узоқ бўлгурлар бизни ҳам озгина “уялтириб” қўйди: Ёшларимиз кутилмаган бу ташаббуслари билан маҳалла ҳақиқатдан ҳам ўзини ўзи бошқариш ва бошқара олиш органи эканлигини бизларга кўрсатиб қўйди!

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Кичик Ганжиравон қишлоғида 280 та хўжаликда 2000 га яқин аҳоли истиқомат қилади. Улар ҳалол меҳнатда, ишбилармонликда туну кун тиним билмайдилар. Уларнинг 500 нафардан ортиқ ёшлари тадбиркорлик фаолияти билан машғул. Тушунгандирсиз...

Бу ҳақида ижтимоий тармоқларда ҳам ёзишди. Масалан, М.Хўжаев исм-шарифли фойдаланувчи, жумладан, шундай таъкидлаб ўтади: “Менинг маҳаллам менинг ғурурим, маҳалламизнинг бир минг беш юз метрдан ортиқ масофаси халқ кучи ва ёшлар ташаббуси билан бетондан йўл қопламаси билан таъмирланди, маҳалла ўз кучи, ўз меҳнати, ўз тадбиркорлиги билан йўл солди, энди қишда лой, ёзда чанг кечмаймиз, Оталаримиз дуолари билан бугун ушбу йўлнинг очилиши муносабати билан элга дастурхон ёзилди, кекса ва нуронийлар дуоси олинди...

Юрсанг кўзинг қувонгуси, йўли равоним, маҳаллам,

Сенда мангу байрам бўлсин Ганжиравоним, маҳаллам...

P/s. Порталга ёзмадик, ҳокимиятга чиқмадик, шунчаки, эл юрт бир бўлиб, ёшлар бирлашиб, шу ишлар амалга оширилди...“

Элёржон ЭҲСОНОВ

“Халқ сўзи”


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!