"Ҳизб ут-таҳрир" ғояларига қўшилгани учун жазоланган эркак яна шундай жиноятга қўл урди

"Ҳизб ут-таҳрир" ғояларига қўшилгани учун жазоланган эркак яна шундай жиноятга қўл урди

Ҳеч бир инсон жиноятчи бўлиб дунёга келмайди, аксинча ҳаёт кечириш жараёнида барча ижобий ва салбий иллатларни ўрганиб боради. Ҳаётда нимани ўрганиши эса кўпинча унинг қандай муҳит ва оилада ўсганлигига боғлиқ.

Бироқ, айрим сабабларга кўра, ёмон йўлга кириб адашган инсонлар нафақат ўзини, балки бутун бошли оиласини юзини ерга қаратишига сабаб бўлади. Ана шундай қинғир йўлга кириб қолган И.га оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди томонидан кўриб чиқилди.

Иш ҳужжатларига кўра, И. муқаддам “Ҳизб ут-таҳрир” жамоасига қасамёд қабул қилиб, аъзо бўлиб кирганлиги, “Ҳизб ут-таҳрир” жамоасининг ғояларини қўллаб-қувватлагани, унинг ғояларини тўғри деб билгани, жамиятда шариат қонунлари асосида яшаш кераклиги, бутун дунёда, шу жумладан Ўзбекистон ҳудудида ҳам “Ислом Халифалиги” давлати бўлиши керак деб ҳисоблаб, Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган қонунларга қарши чиқиб жиноят содир этганлиги учун 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Илгари содир қилган мудҳиш қилмишига нисбатан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан И. жазони ўтаётиб, яна жиноятга қўл ўрди.

Воқеа тафсилотларига келадиган бўлсак, 2019 йил 24 сентябрь куни Навоий вилояти Навоий шаҳридаги 11-сон ЖИЭК турма участкаси 162-камерасида тўсатдан ўтказилган тинтув тадбири давомида, маҳкум И.га тегишли камерадаги “Бекажон” номли газетанинг орасидан Ўзбекистон Республикасида фаолияти тақиқланган “Ҳизб ут-таҳрир аль-Исломий” халқаро террористик ташкилотининг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, тарқатиш ва хориждан олиб кириш тақиқланган қўлёзма варақани келгусида маҳкумларга тарқатиш мақсадида қонунга хилоф равишда сақлаб келганлиги аниқланган.

Шунингдек, И. “Ҳизб ут-таҳрир аль-Исломий” халқаро террористик ташкилотига аъзо бўлиб, қасамёд қабул қилиб, унинг ғояларини қўллаб-қувватлаб келиб, Навоий шаҳридаги 11-сон ЖИЭК турма участкасида жазо муддатини ўтаб келаётган маҳкумларга ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган қўлёзма варақаларни ёзма тарзда тарқатиш мақсадида диндан фойдаланиб, террористик ташкилотга жалб қилиб, террористик ташкилот тарафдорлари сафини кенгайтириш мақсадида ташкилотнинг турма участкаси шароитида фаолият олиб боришини йўлга қўйиб, муқаддам ҳукм қилинган жиноятига ўхшаш жиноят содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлсада, унда иштирок этиб қасддан янги жиноят содир этган.

Ишда аниқланган ҳолатларга кўра, И. ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, тарқатиш ва хориждан олиб кириш тақиқланган қўлёзма варақани келгусида маҳкумларга тарқатиш мақсадида тайёрлаб қонунга хилоф равишда сақлаб келган.

Суд ишни кўриш жараёнида, судланувчи И.га жазо тайинлашда, амалдаги Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг раҳбарий кўрсатмаларига амал қилган ҳолда судланувчини Ўзбекистон Республикаси ЖК 2441-моддасининг 1-қисми ҳамда 2442-моддасининг
1-қисми билан айбдор деб топиб, ЖКнинг 60-моддаси тартибида жиноят ишлари бўйича Косон туман судининг ҳукми билан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган қисмини мазкур ҳукм билан тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан узил-кесил  6 йил 6  ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгилади.

Қани энди жазо тайинлаш билан шахснинг ёвуз ниятини аҳлоқини ҳамда ҳулқ атворини ижобий томонга ўзгартирсак эди, жазодан кўзланган асосий мақсадга эришган бўлар эдик.

Бунга нафақат давлат манфаатдор балки, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ана шундай шахсларни тўғри йўлга етаклаши уларни керак бўлса тарбиялаши лозим.  Бугунги куннинг асосий талаби ҳам, халқ фаровонлигига эришишнинг асосий омилларидан бири ҳам шундан иборатдир.

 

Зоҳид Шодиев,

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди

судья катта ёрдамчиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!