Ҳиндистонда фирибгарликнинг янги тури оммалашмоқда

Ҳиндистонда фирибгарликнинг янги тури оммалашмоқда

Ҳиндистон полициясининг хабарига кўра, онлайн савдо платформаларида амалга оширилаётган фирибгарлик жиноятининг янги тури кенг тарқалмоқда.

Бу фирибгарликнинг бошқа турларидан фарқ қилиб, у браузердаги “cookie” файлларда сақланадиган паролларни ўғирлаш орқали фойдаланувчиларнинг “gmail” аккаунтларини бошқариш ҳуқуқини қўлга киритиш тарзида амалга оширилади. Ушбу ҳуқуқни қўлга киритган фирибгар сизнинг электрон почта манзилингизга кириш имкониятига эга бўлади.

Натижада фирибгар мазкур электрон почта манзилига боғланган савдо платформалари орқали Сизнинг номингиздан исталган маҳсулотни онлайн тарзда харид қилиш, унга тўловларни амалга ошириши мумкин.

Хусусан, полиция маълумотига кўра, бугунги кунга қадар бундай фаолият билан шуғулланадиган 3 та жиноий гуруҳ қўлга олинган бўлиб, улар ўғирланган аккаунтларга боғланган банк ҳисоб рақамларидан пул маблағларини ўзлаштириш, турли хилдаги совға карталарини харид қилиш, маҳсулотларга буюртмалар бериш ва бошқа қилмишларни содир этганлиги аниқланган.

Эътиборли жиҳати, ушбу турдаги киберфирибгарлик жиноятлари асосан тунги вақтларда содир этилаётганлиги сабабли ундан жабрланганлар сони кескин ортиб бормоқда.

Чунки, тунги вақтларда интернет фойдаланувчилари дам олаётгани сабабли фирибгарлар томонидан юқорида кўрсатилган қонунбузарликлардан уйғонгандан сўнг хабар топаётганликлари, бу эса ноқонуний қилмишларини зудлик билан олдини олиш имкониятини чекламоқда.

Мазкур турдаги киберфирибгарларнинг тузоғига тушмаслик учун қуйидагиларга амал қилинг:

- Электрон почта манзилингизга кириш паролини ҳеч кимга берманг;

- пароль ва бошқа махфий кодларингизни қурилма браузерида сақламанг;

- Электрон почтангизга бошқа қурилмалардан кириб фойдаланиб бўлганингиздан сўнг, унда шахсий маълумотларингиз сақланмаганлигига ишонч ҳосил қилинг.

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.

ИИВ Киберхавфсизлик маркази


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!