Ҳиндистон Хитой билан чегарани мустаҳкамламоқда

Ҳиндистон Хитой билан чегарани мустаҳкамламоқда

Ҳиндистон Хитой билан чегара ҳисобидаги Ладакхда, амалдаги назорат чизиғига бир неча пиёдалар батальонини олиб бориб жойлаштирди. Бу ҳақда “Times of India” газетаси ўз манбаларига таяниб ёзган.

Аввалроқ Хитой ва Ҳиндистон чегарачилари ўртасида тортишув бўлиб ўтгани, натижада ҳинд ҳарбийлари қўлга олиниб, тезда қўйиб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Маълум бўлишича, ҳодиса икки давлат чегарачилари иштирокидаги муштлашувдан сўнг рўй берган.

Бир неча кун олдин ушбу мамлакатлар аро чегара вазифасини ўтайдиган Ладакхга, амалдаги назорат чизиғига ҳар икки томон бир қатор ҳарбий бўлинмаларни жойлаштирди. Бунга 5-6 май кунлари тоғ чўққисидаги Пангонг кўли атрофида юз берган тўқнашувлар сабаб бўлди. Ҳиндистон ОАВ хитойлик ҳарбийлар шу яқин орада, Галван дарёси бўйида бир неча чодир қуриб, ўрнашиб олгани ҳамда қурилиш ишларини бошлаб юборганини ёзишди.

Маълум бўлишича, Ладакхга “Халқ-озодлик армияси билан тўқнашувлар жойи”га кўчирилган қўшинларни ортдан қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча батальонлар келтирилган. Иттифоқдош ҳудуд пойтахти Лехе шаҳрида ўрнашган пиёдалар дивизияси бўлинмаларининг бир қисми "оператив тайёргарлик ҳудудлари" томонга силжиди. Бу ҳолат мазкур минтақага Ҳиндистоннинг қуруқликдаги қўшинлари генерали Манож Мукунд Нараване келиб кетгандан сўнг юзага келди.

Чегарадаги вазият таранглашишининг расмий сабаблари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, бироқ Хитой Депсанг паст текислиги ҳамда Галван водийсига олиб борадиган ва Каракорум довонигача кўтариладиган йўлнинг 255-километри қурилиши якунланганидан норози.

Аввалроқ ХХР Ташқи ишлар вазирлиги Ҳиндистон ҳарбий хизматчилари Хитой чегара қўшинларига Ладакх вилоятини қўриқлаш ва ҳудудда операциялар ўтказишга тўсқинлик қилаётгани ҳақида баёнот берганди.

ХХР ва Ҳиндистон ўртасида Кашмир шимолидаги тоғли ҳудуднинг бир қисми, шунингдек шимоли-шарқий Аруначал-Прадеш штатидаги қарийб 60 минг квадрат километр майдон кимга тегишли эканлиги билан боғлиқ азалий келишмовчилик мавжуд. Амалдаги назорат чизиғи Ладакх минтақасидан ўтади. 1962 йил кузда ушбу келишмовчилик чегара урушига айланиб кетган. 1993 ва 1996 йилларда ХХР ва Ҳиндистон ўртасидаги низоли жойларда тинчликни сақлаш тўғрисидаги келишув имзоланган.

Икки давлат орасида сўнгги йиллардаги энг йирик тўқнашув 2017 йил ёзида бўлиб ўтди. Ўшанда Хитой ишчилари низоли ҳисобланган Хитой, Ҳиндистон ва Бутан чегаралари кесишган жой — Доклам платоси орқали автомобил шоссе йўлини ётқизишга киришди. Бутан ҳукумати билдирган протест Хитой томонидан эътиборсиз қолдирилди. Кейин ишга Ҳиндистон аралашди: ҳинд армияси хизматчилари давлат чегарасини кесиб ўтишди ва қисқа тўқнашувдан сўнг майдондан ХХР ҳарбийларини суриб чиқаришди. Бир неча ой давомида Ҳиндистон ва Хитой ташқи сиёсат идоралари масъулларининг маслаҳатлашувларидан сўнг Докламдаги кучларни тарқатиш бўйича келишувга эришилгани эълон қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!