“Ҳиндистон – ҳиндлар учун” ғояси ғолиб чиқди

“Ҳиндистон – ҳиндлар учун” ғояси ғолиб чиқди

Ҳиндистонда сайёрамиздаги энг йирик ва оммавий сайловлар бўлиб ўтди. Жаҳондаги энг йирик демократия мамлакатида сифатида таърифланадиган бу эртакнамо мамлакатда парламент депутатлари сайланди. Овоз бериш жараёни эса олти ҳафта давом этди, унда 550 миллиондан зиёд инсон ёки Ер шари аҳолисининг 7 фоизи қатнашди. 2019 йилги сайловлар етти босқичда ва турли минтақаларда 11 апрелдан 19 майгача ўтказилди. Ҳиндистондаги сайловни ўтказиш учун 11 миллиондан зиёд киши жалб этилди. Бутун мамлакат бўйлаб бир миллиондан зиёд, ҳатто денгиз сатҳидан 4650 метр баландликдаги Ҳималайда сайлов участкаларини ташкил этиш ва хавфсизликни таъминлаш учун шу қадар кўп ходим керак бўлди. Мамлакатнинг бориш қийин энг чекка ҳудудларига сайлов комиссияси ходимларини нафақат самолёт, вертолёт ва автомобилларда, балки фил ва туяларда ҳам етказишди. Сайлов участкасида 1 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлса ҳам, барчага овоз бериш имкониятининг таъминлангани аҳолини мамнун этди.

Ҳиндистондаги аҳоли энг зич, 200 миллиондан зиёд аҳоли яшайдиган Уттар Прадеш штатида бланкаларни тўлдириш ва такрорий овоз беришларнинг олдини олиш мақсадида сайлов чоғида 3,5 миллион литрдан зиёд сиёҳга буюртма қилинди, шу мақсадда овоз бериб бўлган сайловчининг кўрсаткич бармоғига кетиши қийин бўлган махсус сиёҳ урилди. Мазкур сайлов компанияси ҳам дунёдаги энг қимматларидан бўлди. Сайловга номзодлар ва сиёсий партиялар 7 миллиард долларга яқин маблағ сарфлашди, буни қарангки, кампаниянинг бош мавзуларидан бири иқтисодий масалалар, шу жумладан, ишсизликнинг ошиб бораётгани бўлди. Харажатларнинг катта қисми ижтимоий тармоқларга, транспорт харажатлари ва рекламага кетган.

Сиёсий танлов натижаларига кўра, унда ҳукмрон миллатчи партия -амалдаги Бош вазир Нарендра Моди бошчилигидаги “Бхаратия Жаната Парти“ ғалаба қозонди. Дастлабки маълумотларга кўра, у парламент қуйи палатасидаги 545 ўриннинг 350 тасини эгаллайдиган бўлди. Палатанинг аввалги таркибида улар жами ўринлари 282 мандатдан иборат бўлган.

Парламент сайловида Модининг асосий рақиби “Ҳиндистон миллий конгресси” бўлди. Унинг етакчиси, мустақил Ҳиндистоннинг биринчи бош вазири Жавоҳарлал Нерунинг авлоди, Ражив Гандининг ўғли Рахул Ганди Модини бир неча бор ҳиндча демократияни вайрон қилишда, мамлакатдаги динлараро можарони авж олдириш, барча ҳиндистонликларни эмас, аксинча, кўпчиликни ташкил этувчи индуизмга эътиқод қилувчиларнинггина манфаатларини кўзлашда айблади. Бундан кўринадики, “Ҳиндистон миллий конгресси”ни амалдаги Бош вазирнинг “Ҳиндистон – ҳиндлар учун” шиори кўпроқ ташвишга солаяпти. Мусулмонлар мамлакатдаги энг йирик диний озчилик бўлиб, унинг сони аста-секин ўсиб ҳозирги пайтда аҳолининг 14 фоизидан ўтди. Индуистлар эса салкам 80 фоизни ташкил этади.

Сиёсатдонлар Модини кўпинча Венгрия бош вазири Виктор Орбанёки АҚШ Президенти Дональд Трампга қиёслашади. Бундай таққослашнинг бош сабабини индусча миллатчилик ва мусулмонларга нисбатан камситувчи баёнотлари билан изоҳлаш мумкин. Нарендра Моди индусча миллатчилик ғояларини илгари суриши, мактаб дарсликларида индусча диннинг аҳамиятини тарғиб этиш таклифлари билан маълуму машҳур. Моди партияси сайловолди курашида қўшни мамлакатларнинг Ҳиндистонда истиқомат қилаётган индус, сикх ва буддачи муҳожирларига фуқаролик беришни кўзда тутган қонунни қабул қилишга ваъда берди. 2018 йилнинг июлида Бангладеш билан чегарадош Ассам штатида сайловчиларнинг янги рўйхати чоп этилди. Ундан ўзининг ҳинд фуқароси эканлигини тасдиқлаб бера олмаган 4 миллион киши чиқариб ташланди. Хуллас, танқидларга қарамай, Бош вазир аҳолининг улкан қўлловига эга, сўнгги сайлов натижалари ҳам буни тасдиқлади. Аксинча, “Ҳиндистон миллий конгресси” 20 фоиз камроқ овоз тўплади, бу мамлакатдаги бош мухолиф партия учун мисли кўрилмаган паст рақамлар саналади. Февраль ойи охири мартнинг бошларида Покистон билан юз берган можаро соясида Модининг обрўси ошиб кетди, десак хато қилмаган бўламиз. Ўшанда 46 нафар ҳинд ҳарбийлари ўлдирилишига жавобан ҲиндистонКашмирнинг Покистон назоратидаги қисмига бир неча ҳаво зарбалари берган эди. Расмий Деҳли Покистонни тўла яккалаб қўйишга ваъда ҳам берган. Бу ҳаракатлар БЖПнинг электорал базасининг асосини ташкил қилган индуистлар орасида ватанпарварлик кайфиятини кучайтириб юборди. Time журналининг ёзишича, кўплаб ҳиндлар бош диний жамоага мансуб бўлса-да, мамлакатда мусулмонлар сони ва роли ошиб бораётганидан хавотирда. Шу сабабли ватан учун туриб беришга тайёр, уни ташқи ва ички хатарлардан ҳимоя қила оладиган раҳбар сиймоси сайловчиларни амалдаги партияга овоз беришга ундади. Аҳолининг аксарияти Модини давлат ва эътиқоднинг ҳимоячиси сифатида кўришга одатланиб қолди. Ўтган галги сайлов олдидан сиёсатчи Ҳиндистонни “иқтисодий ва ҳарбий буюк давлат”га айлантиришга ваъда берди. 2019 йилдаги сайловга атиги икки ҳафта қолганда эса Ҳиндистон паст орбитадаги йўлдошни уриб туширганини, бу миллий фазовий дастурнинг улкан ютуғи бўлганини эълон қилди.

Энг муҳими, ҳинд сайловчилари ўз фаоллигини намоён этди. Куннинг иссиғига қарамай, сайлов участкаларига 814 миллион рўйхатга олинган сайловчининг 550 миллиондан кўпроғи ёки 64 фоизи қатнашди. Охирги марта бу қадар фаоллик 30 йил муқаддам, миллатнинг севимли раҳбари бош вазир Индира Ганди ўлдирилганидан кейин ўтказилган сайловда кузатилганди. Сайловга ҳозирги қизиқишнинг асосий сабаби эса Ҳиндистон миллий конгрессига нисбатан йиғилиб қолган норозилик билан изоҳланади. Неру-Ганди сулоласининг аъзолари бошқарадиган партия 2004 йилгача ҳокимиятни муттасил бошқариб келди.Сайловолди кампаниясида рақиблар ҲМКни бир неча ўн йилликлар мобайнида бир қатор биринчи даражали иқтисодий муаммоларни еча олмаслик, коррупцияга барҳам бера олмаслик, қатъий ташқи сиёсат юрита олмасликда айблади. Бу ҳолатлардан БЖП партиясининг етакчиси олдин ҳам, бу сафар ҳам унумли фойдаланди. Ҳиндлар Моди партияси учун овоз берар экан, нафақат унинг дастури учун, балки коррупция, раҳбариятдаги нопрофессоналлик ва сулолавий бошқарувга қарши овоз бердилар.2014 йилда Моди иқтисодиётни қайта оёққа турғазиш, эскирган инфратузилмани замонавийлаштириш, коррупцияни бартараф этишга ваъда берганди. Гарчи иқтисодиёт Хитойга қараганда юқори суръатларда ўсганига қарамай, ишсизлик камаймади, кўплаб қишлоқларда мисли кўрилмаган қашшоқлик ҳукмрон. Бу омиллар аслида 48 ёшли Рахул Гандига қўл келиши керак эди. У ҳатто Модини миллионлаб иш ўринлари яратиш, порахўр амалдорлар ноқонуний ўзлаштирган ва хорижда яширилган “қора пуллар”ни давлат ғазнасига қайтариш ваъдаларини бажара олмасликда айблади. Дарҳақиқат, энг ўткир ижтимоий муаммолар ечилмай қолди. Бироқ ҲМК мағлубият учун ўч ололмади. Аввало, Моди Рахулга қараганда бирмунча нотиқ. Иккинчидан, ҳиндлар қалбидаги истакларни ифодалай олиш орқали уларнинг кўнглига йўл топа олган.

Модининг яна бир омади шундаки, у узоқ йиллар Покистон билан чегарадош, мамлакат ғарбидаги Гужарат штатини бошқарган. Биринчи вазир сифатида штатга сармоялар жалб эта олди, уни фаровон ҳудудга айлантира олди. Унинг ташаббуси остида икки йилда бир “Жўшқин Гужарат” анжумани ўтказиладиган бўлди. Биламиз, унинг сўнгги халқаро анжуманида Ўзбекистон Президенти ҳам иштирок этганди. India Today журналига кўра,2006 ва 2011 йилларда Ҳиндистоннинг энг яхши биринчи вазири сифатида эътироф этилган. Ҳиндлар унинг Гужарат штати тажрибасини бутун мамлакатга ёйиш сиёсатини олиб бораётганлигига ишонмоқда. Шунга қарамай, бўлғуси ҳукумат олдида ўта мураккаб вазифалар кўндаланг. Ҳиндистонда 25 ёшгача бўлган 600 миллион ёшлар армияси бор. Уларга таълим бериш, муносиб иш топиб бериш осон бўлмайди.

2014 йилда бўлгани каби ҳинд газеталари Рахул Гандини бош мағлуб сифатида тилга олмоқда. Сайлов эълон қилинган 23 майни унинг учун “қора кун” бўлди дейиш мумкин. Индира Гандининг набираси мамлакатни 50 йил бошқарган сиёсий сулоланинг умидларини оқламади. Ўтган сайловда унга “чўнтаги бўш костюм” лақабини беришгани яна бир марта ўзини оқлади. ҲМК раҳбарияти партиянинг сайловдаги мағлубияти учун масъул эканлигини таъкидлаш билан бирга, янги тузиладиган Вазирлар маҳкамасига омад тилади ҳамда мағлубият ва ғалабаларни демократиянинг бир қисми деб атади.

Кўпчиликни Ҳиндистон ташқи сиёсати қандай бўлади, деган савол қизиқтиради. Эски янги раҳбарият даврида ташқи сиёсат тубдан ўзгармайди. Расмий Деҳли дипломатияси прагматизм ва узлуксизлиги билан ажралиб туради. Сайловолди компаниясида Моди Покистон шаънига кескин баёнотлар айтишдан ўзини тийиб туролмади. Унинг сўзларига кўра, агар Ҳиндистон “бомба портлашлари ва отишмалар билан ўраб олинмаса” музокаралар давом эттирилади. Хитой билан баҳсли масалаларда ҳам қаттиқ позиция сақлаб қолинади, аммо савдо-сотиқ кучайтирилади. Глобал етакчи АҚШ билан муносабатлар янада мустаҳкамланиши турган гап. Чунки Вашингтон Деҳлининг бош савдо ҳамкори. Улар ўртасидаги ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажми 100 миллиард доллардан иборат. Шу нуқтаи назардан, Нарендра Моди Вашингтон билан турли халқаро масалаларда, хусусан, Эрон билан боғлиқ мавзуда Вашингтон билан тортишиб ўтиришни ўзига эп кўрмаса керак. Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон билан қарор топган анъанавий дўстлик алоқалари ҳам мустаҳкамланиш йўлидан бориши аниқ. Мамлакатда янгидан-янги иш ўринлари яратиш, ишсизликка барҳам бериш,, қашшоқликни камайтириш учун астойдил бел боғлаган Ҳиндистон ҳукуматига янги бозорлар керак. Шу маънода, расмий Деҳли ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ШҲТга аъзо давлатлар билан яқинлашишга қаратилади.

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!