Ҳиндистон ҳарбийлари “Запад—2025” машғулотларида: геосиёсий ўзгаришлар ишорасими?
Россия ва Беларусь томонидан ўтказилаётган “Запад—2025” қўшма ҳарбий машғулотларида Ҳиндистон Қуролли Кучларининг 65 нафар вакили иштирок этмоқда. Бу ҳақда The Times нашри хабар берди.
Ҳинд делегацияси таркибида элита ҳисобланган Кумаон полки жангчилари, шунингдек, Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво ва ҳарбий-денгиз кучлари вакиллари бор. Машғулотлар Россиянинг Нижегород вилоятидаги Мулино полигонида бўлиб ўтмоқда.
Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги бундай иштирокни мудофаа соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Москва билан дўстона муносабатларни ривожлантириш мақсади билан изоҳлаган.
Бироқ, The Times ва айрим ғарб таҳлилчилари Ҳиндистоннинг бу қадамини АҚШ билан совуқлашиб бораётган муносабатлар фондида баҳолаб, уни геосиёсий “қизил чизиқ”дан ўтиш деб атади. Машғулотларда ҳинд ҳарбийлари қўшни давлатлар билан можаролар сценариеси устида ишлаётгани таъкидланмоқда.
Шунингдек, Reuters хабарга кўра, машғулотларда америкалик ҳарбий кузатувчилар ҳам қатнашган. Бу воқеа Польша ўз ҳаво ҳудудини бузган Россия дронларини уриб туширганидан бир неча кун ўтиб содир бўлди.
Америкалик кузатувчиларнинг иштироки Вашингтоннинг Минск билан алоқаларни тиклашга бўлган уринишлари сифатида баҳоланмоқда. Ўтган ҳафта АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг вакили Жон Коал Беларусь пойтахтига ташриф буюриб, элчихона ишини тиклаш ва савдо алоқаларини қайта йўлга қўйиш ниятида эканини билдирган.
Таҳлилчиларга кўра, Трамп Белоруссияни Россиядан узоқлаштиришга уринишдан кўра, бу алоқаларни Украинадаги уруш бўйича музокараларга восита сифатида ишлатмоқчи бўлиши мумкин.