Ҳижратдан сўнг Мадинада туғилган биринчи бола ким эди?

A A A
Ҳижратдан сўнг Мадинада туғилган биринчи бола ким эди?

Таниқли саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Зубайр ибн Аввом ибн Хувайлид Қурайший Асадий розияллоҳу анҳунинг куняси Абу Бакр, Абу Ҳабиб бўлган. У Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қизлари Асмо ва машҳур саҳоба Зубайр ибн Аввомнинг ўғли эди. У ҳижратдан сўнг Мадинада туғилган биринчи бола бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида тўққиз ёшда эди. Ўта тақволи, ростгўй, обид, ҳақиқатгўй ва жасур киши эди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан 33 та ҳадис ривоят қилган. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу даврларида Африка фатҳида қатнашган. Ҳижрий 64 йили Язид ибн Муовия вафотидан сўнг халифа сифатида Абдуллоҳга байъат берилди ва у тўққиз йил мобайнида Миср, Ҳижоз, Яман, Хуросон, Ироқ, Шомнинг баъзи ерларига ҳукмдор бўлди. Ҳижрий 73 (милодий 692) йили Абдуллоҳ ибн Зубайр билан Ҳажжож ўртасида қаттиқ жанглар бўлиб, у киши ана шу жангда шаҳид бўлган.

Абдуллоҳнинг насаби жуда шарафли эди: унинг отаси Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳнинг ҳаворийси» лақабини олган, ҳаётлигидаёқ жаннат муждаси билан шарафланган Ашараи мубашшаранинг атоқли саҳобаларидан эди. Онаси биринчи халифанинг қизи Асмо бинти Абу Бакр бўлиб, Абдуллоҳ ҳазрати Абу Бакрга набира ва ҳазрати Оишага жиян эди.

Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳижратнинг иккинчи йили Мадина яқинидаги Қубо мавзеида таваллуд топган. Унинг дунёга келиши мусулмонларнинг жуда катта хурсандчилигига сабаб бўлди. Биринчидан, у мусулмонларнинг Мадинага ҳижрат қилишларидан кейин Мадинада туғилган илк бола эди. Иккинчидан, Мадина яҳудийлари «мусулмонларни сеҳрлаб қўйганлари, энди улардан сира фарзанд туғилмаслиги» ҳақидаги ёлғон гапларни тарқатишган эди. Мадинага янги кўчиб келган муҳожирлар орасида анча пайтгача ҳеч ким фарзандли бўлмагани мусулмонларни ҳам хавотирга солиб қўйган эди.

Абдуллоҳнинг туғилиши ана шу шубҳа-хавотирларга чек қўйди. Бу қувончли воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам жуда мамнун этди. Ўзлари янги чақалоқнинг танглайини кўтардилар ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга боланинг қулоғига азон айтишни буюрдилар.

Ҳишом отасидан ривоят қилади: «Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳумо Маккада Абдуллоҳ ибн Зубайрга ҳомиладор бўлганини айтиб, бундай деди: «Йўлга чиққанимда ой‑куним етиб қолган эди. Мадинага келиб, Қубога тушдим ва Қубода туғдим. Сўнгра уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келиб, қучоқларига қўйдим. У зот бир хурмо опкелтириб, уни чайнадилар, кейин оғзига туфлаб қўйдилар. Унинг ичига илк кирган нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тупуклари бўлди. Кейин хурмо билан танглайини кўтардилар. Кейин ҳаққига дуо қилдилар, барака тиладилар. У Исломда туғилган (Мадинадаги) илк чақалоқ бўлди. Бунга роса қувонишди, чунки уларга: «Яҳудийлар сизларни сеҳрлаб қўйган, энди сизлар фарзанд кўрмайсизлар», дейишган эди» (Бухорий ривояти).

Абдуллоҳнинг ҳамма суюб-эркалар, уни, айниқса, мўминлар онаси ҳазрати Оиша алоҳида муҳаббат билан яхши кўрардилар. Шунинг учун Оиша розияллоҳу анҳо Умму Абдуллоҳ (Абдуллоҳнинг онаси) кунясини олдилар. Абдуллоҳ ёшлигиданоқ Исломни ёйиш йўлидаги улкан ҳаракатлар ва курашлар ичида ўсди. Баъзи манбалардан зикр этилишича, отаси Зубайр ўғлини Ярмук жангига олиб боргани, ўзи жангга кириб, ўғлини от ва анжомлар олдида қолгани келтирилади. Кейинчалик Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Африка ва Қустантания фатҳларида қатнашишга муяссар бўлди.

Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: «Абдуллоҳ ибн Зубайр Аллоҳнинг Китобини кўп ўқийдиган, Исломда ҳимматлидир. Унинг бобоси Абу Бакр, аммаси Хадича, холаси Оиша, бувиси Софийядир. Аллоҳга қасам, мен унинг олдида шунчалар эҳтиёт бўламанки, ҳатто Абу Бакр ва Умарларнинг олдида ҳам бунчалик бўлмаганман».

У Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг тўғри йўлдаги халифалар даврида ҳам, улардан кейинги Муовия ибн Абу Суфён замонида ҳам Пайғамбар алайҳиссалом шаҳарлари – Мадинада истиқоматда қолди. Ислом давлати халифаларининг ҳар бирига яқин маслаҳатчи бўлди, тавсияларини дариғ тутмади, уларни ҳимоя этди. Аммо ҳазрати Алий даврида қатл қилинган халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг қотилларидан қасос олишни талаб қилиб чиққанлар тарафида бўлди. Отаси Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ ҳамда Оиша розияллоҳу анҳум билан бирга Жамал (туя) воқеасида қатнашди. Фитначилар томонидан уюштирилган ана шу машъум жангда оғир яраланди ва отасидан жудо бўлди. Шу ишлардан сўнг Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Сиффин воқеасида иштирок этишдан тийилди.

Фитна ва талатўплар натижасида Муовия розияллоҳу анҳунинг ўғли Язид халифаликни даъво қилиб чиққанида Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу унга байъат қилишдан бош тортди. Чунки имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг Карбало даштида Язид саркардаси томонидан ёвузларча қатл этилиши унга жуда қаттиқ таъсир қилган эди. Шундан сўнг Абдуллоҳ Маккага кетиб қолади. Язид ибн Муовия у ерга Амр ибн Саид Ашдақ бошчилигидаги қўшинини юборади. Қамал пайтида Язид вафот этиб қолади ва бу қўшин ортига қайтади.

Ҳижрий 64 йили Ҳижоз, Яман, Миср, Ироқ, Хуросон ва Шомнинг жуда кўп ҳудудлари мусулмонлар амири сифатида Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга байъат қилади. Дамашқда эса умавийлардан Марвон ибн Ҳакам ўзини халифа деб эълон қилади ва атрофидаги бир қанча ҳудудларни қўлга киритади. Бироқ у ҳам Маккага етиб бора олмай омонатини Эгасига топширади. Шундан сўнг халифаликни қўлга киритган Абдумалик ибн Марвон ўзига бўйсунмаган Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга қарши Ҳажжож ибн Юсуф Сақофий бошчилигида каттагина қўшин юборади. Бироз давом этган қамалдан сўнг Ҳажжожнинг қўли баланд келади. Шу тариқа Абдуллоҳнинг халифалиги тугайди ва у ҳижрий 64–73 йиллар мобайнида қарийб тўққиз йил давом этади.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан жами 33 та ҳадис ривоят қилинган, шулардан битта ҳадис ҳам Бухорий, ҳам Муслим «Саҳиҳ»ида, олти ҳадис фақат Бухорийда, икки ҳадис эса фақат Муслимда келтирилган.

Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳижрий 73 (милодий 692) йили жумодул охир ойи ўрталарида Абдумалик ибн Марвон юборган Ҳажжож бошчилигидаги қўшин билан бўлган жангда ҳалок бўлган. Манбаларда келтирилишича, Ҳажжож унинг жасадини бир неча кун одамлар кўз ўнгида осиб қўйган.

Манба: islom.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!