“HEAD&SHOULDERS” ва “CLEAR” брендининг контрафактини ишлаб чиқараётган корхона жазога тортилди

“HEAD&SHOULDERS” ва “CLEAR” брендининг контрафактини ишлаб чиқараётган корхона жазога тортилди

Жорий йилнинг 27 июнидан 5 июлига қадар Андижон вилоятидаги йирик бозорлар ва савдо комплексларида контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва сотилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари ўтказилди.

Мазкур тадбирлар давомида бир нечта савдо дўконларида “HEAD&SHOULDERS” MGU, “CLEAR” MBX гувоҳномалар билан давлат рўйхатидан ўтказилган товар белгиларига харидорни чалғитиб юбориш даражасида ўхшаш бўлган “hedn&shollders”, “CLEER”номли шампунь маҳсулотлари сотилаётганлиги ҳамда маҳсулот қадоғида «АОС» масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётганлиги қайд этилганлиги аниқланди.

Ваҳоланки, «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасига кўра, товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси бу бир юридик ва жисмоний шахслар товарлари ва хизматларини бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг шу турдаги товарларидан фарқлаш учун хизмат қиладиган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган белгилар эканлиги қайд этилган Шунингдек, мазкур қонуннинг 26-моддасига кўра, товар белгисини ёки шу белги билан белгиланган товарни рухсат берилмаган тарзда тайёрлаш, қўллаш, олиб кириш, савдога таклиф этиш, сотиш, ўзгача тарзда фуқаролик муомаласига киритиш ёки уларни шу мақсадда сақлаш ёхуд улар билан адаштириб юборадиган даражада айнан ўхшаш бўлган бир хилдаги товарларни белгилаш товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқни бузиш деб эътироф этилиши ҳамда 27-моддасида товар белгисидан ёки адаштириб юбориш даражасида у билан ўхшаш бўлган белгидан товарларда, товарларнинг этикеткаларида, ўровларида қонунга зид равишда фойдаланилганда улар контрафакт ҳисобланиши белгиланган.

«АОС» МЧЖ раҳбари Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқий муҳофаза олган товар белгиларига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш белгилардан фойдаланган ҳолатда шампунь маҳсулотларини ишлаб чиқаргани ҳамда сотувга таклиф қилганлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 177-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари, яъни уч миллион сўм жарима жазоси тайинланган.

Муроджон ЖАЛОЛДИНОВ,
Вилоят адлия бошқармаси
Интеллектуал мулк ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш бўлими бош маслаҳатчиси.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!