«Ҳаёт уйга сиғади». Бурак Ўзчивит ва Фаҳрия Эвжен одамларни уйда қолишга чақирди

«Ҳаёт уйга сиғади». Бурак Ўзчивит ва Фаҳрия Эвжен одамларни уйда қолишга чақирди

Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда «Ҳаёт уйга сиғар» (Hayat eve sığar) ҳештеги остида фуқароларни уйда қолишга ундамоқда. Instagram’да кўп сонли фолловерларга эга таниқли турк актёри, актрисаси ҳамда хонандалари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватламоқда.

Хусусан, Туркиянинг энг машҳур юлдузли жуфтлиги Бурак Ўзчивит ва Фаҳрия Эвжен ҳам айни дамда карантинда уйда ўтирганлари акс этган сурат билан бўлишиб, ўз мухлисларини уйда қолишга чорлади.

Китоб тутиб турган актёрлар суратга «Илтимос, уйда қолинг. Ҳаёт уйга сиғади», деб изоҳ қолдирди.

Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фаҳриддин Хожа Бурак ва Фаҳриянинг ушбу суратини ўз саҳифасига жойлаштириб, «Бурак Ўзчивит ва Фаҳрия Эвжен ‘Ҳаёт уйга сиғади’ деб ёзмоқда. Мен уларга бизнинг ташаббусимизни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдираман», — деб ёзиб қолдирди.

Фаҳриддин Хожанинг маълум қилишича, Туркияда сўнгги суткада 5035 киши коронавирусга тест топширган. 561 кишида ушбу инфекция аниқланган. 15 нафар бемор вафот этган. Мамлакатда коронавирусни юқтириб олганларнинг умумий сони эса 2433 кишини ташкил этмоқда.

Маълумот учун, ўзбек томошабинларига «Чолиқуши» фильмининг янги талқини ҳамда «Ишқ сенга ўхшар» ҳамда «Уйим сенсан» каби фильмлардаги образлари билан яхши таниш Фаҳрия Эвженнинг Instagram’да салкам 10 миллион нафар фолловери бор.

«Муҳташам юз йил» ҳамда «Севги изтироби» фильмлари юлдузи Бурак Ўзчивитни эса ижтимоий тармоқда 14,4 миллион киши кузатади.

Бурак ва Фаҳрия 2017 йилнинг ёзида турмуш қурган. Улар 2019 йилнинг 13 апрелида ота-она бўлди. Жуфтлик ўғлига Каран деб исм қўйган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!