Ҳаёт сабоқлари: 1. «Қўшнилар»

Ҳаёт сабоқлари: 1. «Қўшнилар»

Дераза ёнидаги кроватда ташқарига мўлтираб қараб ётган Сора момо димоғига урилган тандир сомсанинг хушбўй ҳидидан тамшанди. Ёшлигида мана шундай кўклам пайтлари ялпиз, жағ-жағ, исмалоқ каби баҳор кўкатларидан тандир-тандир пичак, сомса ёпарди. У даврлар оқар сувдек ўтиб кетди. Ёшлик дамлари ёдига тушиб қалби соғинчдан ўртанди. Мана, энди паймонаси тўлишини кутиб, тўшакка михланиб ётибди.

- Исмалоқ сомсанинг ҳиди келяптими?

- Қумри холанинг ҳовлисидан келяпти, шекилли, - деди чой дамлаб кирган келини Хайри. – Пичак ёпганга ўхшайди.

- Иккитагина бермасмикан?

- Қайдам, биласиз, Қумри холанинг феъли торроқ. Қишда қор сўрасангиз ҳам бермайди.

- Ҳа, майли, қўявер. Содиқжон келса, бозорга бориб келар. Сора момо айтган гапидан ҳижолат бўлди.

Хайри қайнонасининг кўнглини ўкситгиси келмади. Қани иложи бўлса. Илгаригидек эрта баҳорда исмалоқ, жағ-жағ, ялпиз қулф уриб ётган дала-қир, яйлов қаерда? Бир зумда бир этак териб келиб, пичак, кўксомса ёпиб берса. Ҳамма ер экинзорга айланиб, эгалик бўлиб кетган, уватига йўлатишмайди. Майли, қайнонанинг сазаси ўлмасин, Қумри холаникига ўтиб сўрасин, ўлдими, қаҳатчилик эмас-ку. Йўқ демас…

Хайри эшикдан кириб борганида Қумри хола ҳозиргина тандирдан узилган ҳиди димоғни ёрадиган хушбўй пичакларни ёғлаётган экан.

- Оҳ, оҳ, қўлингиз бирам шакарки, хола, пичагингизни ҳиди бутун қишлоқни тутди, қаердан ўргангансиз-а, пазандаликни?

- Мақтасам, пичагидан беради, деб хомтама бўлма. Қумри холанинг қовоғи уйилди. – Ўзи кам, санаб ёпганман.

Хайри кирганига пушаймон бўлиб, орқага қайтди.

Бу воқеа ҳақида эшитганда ишонгим келмади. Шундай маъмурчилик, тўқчилик замонда-я! Очарчилик, қаҳатчилик йиллари бир бурда нонини баҳам кўришган меҳр-оқибатли қўшнилар кўз олдимга келди.

2. Ўзбек йигити

Собиржон бир неча йиллардан буён хорижда – Португалияда ишлайди. Қайси йили янги йил арафасида ватанига қайтаётганда ўзи билан бўлган воқеани тўлқинланиб айтиб берди:

«…Лиссабондан Тошкентга Париж орқали учишимга тўғри келди. Аммо Парижда ҳужжатларимда ишкал чиқди. Нима қилишни билмай бошим қотди. Аэропортдаги «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг ваколатхонасига мурожаат қилдим. Шинам хонада чиройли форма кийган ўзбек йигити хушмуомалалик билан қучоқ очиб кутиб олди. Хонада она юртим нафасини сезиб тўлқинланиб кетдим. Стол устида байроқчамиз. Вакил йигит ўзбекона дастурхон тузаб, ширмойи нон, ўзимизнинг майиз, ёнғоқ, писта-бодом билан тўлдирди, чиройли пахта гулли чойнакда кўк чой дамлаб келди. Кейин:

– Узр, ака, сиз бир пиёла чой ичиб туринг, мен ҳозир келаман, – деб чиқиб кетди. Орадан йигирма дақиқалар ўтгач, ҳужжатларимни расмийлаштириб қўлимга тутқазди:

- Мана ака, сизга оқ йўл, ҳозир Тошкентга учадиган самолётга йўловчиларни ўтқазиш бошланди. Ҳамма юртдошларга салом айтинг, Ўзбекистонни жуда соғиндим. Хайр! 

Ҳужжатлар ташвиши билан бўлиб, вакил йигитнинг исм-шарифи, манзилини ҳам сўрамабман. Тошкентга келгач, оиласига саломини етказиб қўёлмаганимдан жуда афсусландим».

Собир мусофирчиликда рўй берган воқеа худди ҳозир бўлгандек ҳаяжонланди. Унинг юз-кўзидан Ўзбекистоннинг хориждаги нуфузидан, ўша ерларда ишлаётган йигитларимиздан фахрланиш сезилиб турарди.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!