Ҳаёт ҳақиқатлари: Қолмас эди унинг бир изи - бўлмаганда буюк илдизи

A A A
Ҳаёт ҳақиқатлари: Қолмас эди унинг бир изи - бўлмаганда буюк илдизи

Ортиқча суҳбатдан ғийбат туғилгай,
Ортиқча ҳурматдан миннат туғилгай.
Ортиқча ҳарорат қуритар гулни,
Ортиқча меҳрдан нафрат туғилгай.
*
Кунларни ёз эмас, қиш қисқартирар,
Қимир-қимир юмуш, иш қисқартирар.
Одамзод умрини чанг-ғубор эмас,
Ғурбат-у ғам-у ташвиш қисқартирар.
*
Нафс учун талашмоқ оқилга ордир.
Бир луқма насиба ҳар жойда бордир.
Ким агар ризқига қилмас қаноат,
Оқибат шу эрур: у хордир, хордир.
*
Замондан нолима, замон қўлингда,
Оларинг донми ё сомон қўлингда.
Худодан шикоят айлама зинҳор,
Ихтиёр қўлингда, имкон қўлингда.
*
Қайда иш бўлмаса гап-сўз кўпаяр,
Ўйинчи, нағмачи, бетуз кўпаяр.
Уларни “юлдуз” деб бўлманг маҳлиё,
Зулмат кўпайганда, юлдуз кўпаяр.
*
Шоирлик чикора журъат бўлмаса,
Истеъдод бекора меҳнат бўлмаса.
Ҳаттоки, Худо ҳам берарин бермас,
Агар сенда жиндек ғайрат бўлмаса.
*
Юкинг оғир бўлса, карвонинг бўлай.
Агар карвон бўлсанг, сарбонинг бўлай.
Юксак-юксакларни кўзлаган бўлсанг,
Зинапоянг бўлай, нарвонинг бўлай.
*
Тўлин ой гўдакка кулчага ўхшар,
Йигитга ой юзли ғунчага ўхшар.
Ночорга – зиндоннинг тепа туйнуги,
Кексага чўғ тўла танчага ўхшар.
*
Тилни асраб турган тишга ташаккур.
Гулни асраб турган нишга ташаккур.
Бўлмаса ёз қадрин қайдан билардик,
Изғирин – аёзли қишга ташаккур.
*
Бекор турма, ҳар бир онинг омонат.
Замон абадийдир, жонинг омонат.
Ютганинг, эҳтимол, ўзингникидир,
Аммо чайнаб турган нонинг омонат.
*
Бировга насиҳат қилади киши,
Оларми, олмасми бу унинг иши.
Агар сўзим ерда қолмасин десанг,
Ўзингга насиҳат қилганинг яхши.
*
Истасанг ҳар недан топгайсан чирой.
Кўлмакда нима бор, бўтана-ю лой.
Аммоки, унинг ҳам ўз жилоси бор,
Акс этиб туради қуёш, юлдуз, ой.
*
Сен мени мақтама, зўрлигимни биламан.
Иззатталаблигимни, ўрлигимни биламан.
Иблисона илмингда баҳоимни оширма,
Сен ўргатган илмда ғўрлигимни биламан.
***
Минг йилдирки, мисоли минор
Юксакларга бўй чўзар чинор.
Қолмас эди унинг бир изи,
Бўлмаганда буюк илдизи.

Manba: zarnews. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!