Ҳайдовчи ЙҲХ ходимига пора таклиф қилди

Ҳайдовчи ЙҲХ ходимига пора таклиф қилди

...Воқеанинг бундай тус олишини кутмаган ходим бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи номига билдирги киритиб, воқеа тафсилотларини маълум қилади...

Сурхондарё вилоятида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаганлик учун қатъий жазо қўлланилаётганидан айрим шахсларнинг қонунни четлаб, ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишга ҳаракат қилаётгани ёки қоидабузарни чув туширмоқчи бўлаётгани билан боғлиқ турли ҳолатлар ҳам фош этилмоқда.

Вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари Музработ тумани Янги диёр маҳалласи ҳудудидаги 4Р-110 автомобиль йўлида ўтказилган тадбир чоғида тойчоқдек елиб келаётган “Ласетти” русумли автомашинани тўхтатиб, ҳайдовчидан тегишли ҳужжатларни тақдим этишни сўрайди. Ҳайдовчи ўзини Денов тумани Лочин маҳалласида яшовчи Н.А. деб таништириб, автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи ва автомашинага тегишли ҳужжатларни тақдим эта олмайди. Шу ерда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, “меҳмон”нинг “Ласетти”си вақтинча сақлаш учун ўрнатилган тартибда жарима майдонига жойлаштирилади. Шундан сўнг ҳайдовчи Н.А. ички ишлар идораси ходимига маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ҳамда автомашинасини жарима майдонидан шу куни чиқариб бериш шарти билан юз минг сўм пулни пора сифатида беришни таклиф этади.

Воқеанинг бундай тус олишини кутмаган ходим бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи номига билдирги киритиб, воқеа тафсилотларини маълум қилади. Хизмат вазифасини бажараётган ходимни пул билан “сийламоқчи” бўлган ҳайдовчига қонуний чора кўришни сўрайди. Мазкур билдиргига асосан шу куни тушдан сўнг вилоят ички ишлар бошқармаси ва Ангор тумани прокуратураси ҳамкорлигида Музработ тумани Музработ Дарвоза маҳалласи ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда ҳайдовчи Н.А. ички ишлар идораси ходими П.Х.га 96 минг сўм пулни пора сифатида бераётганида ашёвий далил билан ушланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди. 

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Термиз туманида яшовчи С. Нодиров (исм-шарифлар ўзгартирилди) вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи номига ёзган аризасида “Дамас” русумли автоуловини спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бошқариб юрганида йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан тўхтатилгани, маъмурий баённома тузилгани ва автоулов жарима майдонига жойлаштирилгач, Олтибой исмли шахс унга йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимида ишловчи танишлари орқали мазкур баённомани келгусида судга юбормасдан йўқ қилиш, автоуловини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига 6 миллион сўм пул талаб қилганини баён этади. Қонунни менсимай ўзини “ич куяр” қилиб кўрсатган шахсга тегишли чора кўришни сўрайди.

Мурожаат юзасидан ўтказилган тезкор тадбир чоғида аризада кўрсатилган “Олтибой” исмли шахс телефон орқали С.Нодировга Термиз шаҳар ички ишлар бўлими ЙҲХБ биноси олдига бориб, ўша ерда Р.Қуллиев исмли шахсга келишилган пулларни беришини, кейин ўзи автоуловини жарима майдонидан чиқариб, унга нисбатан тузилган маъмурий баённомани йўқ қилишини айтади. Шу куни соат 18:40 ларда Термиз шаҳрида яшовчи Р.Қуллиев ариза муаллифидан келишилган 6 миллион сўм пулнинг 3 миллион сўмини вилоят марказидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси биноси орқа томонида фуқаро А.Илёсов бошқарувидаги “Матиз” русумли автомашинада олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинади.

Дастлабки суриштирув чоғида Р.Қуллиев Олтибой исмли таниши ҳақиқатан ҳам унга телефон қилгани, С.Нодировнинг 6 миллион сўм пулини олиб, автомашинасини жарима майдонидан чиқариб беришда ёрдам кўрсатишини айтганини маълум қилди. Шунингдек, спиртли ичимлик истеъмол қилиб, транспорт воситасини бошқарган С. Нодировга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-моддасига асосан маъмурий баённома тузилгани ҳам аниқланди.

Айни пайтда “Олтибой” исмли шахснинг шахсини аниқлаш чоралари кўрилиб, терговга қадар текширув-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!