Ҳайдовчи: “Бу хусусий автобус, ёқмаса, чиқманг!”

Ҳайдовчи: “Бу хусусий автобус, ёқмаса, чиқманг!”

Ҳар куни йўловчи ташувчи жамоат транспортларида ишга қатнайман. 36 кишилик ўриндиғи бор автобуслар ҳар доим одамлар билан гавжум бўлади. Гоҳо шу қадар зич бўлади-ки, нафас олишга қийналасан. Ҳайдовчи ва кондуктор 2 см. жой қолиб кетса ҳам автобусга одамларни олаверади. Бундан баъзи кишиларнинг асаби таранглашади. Чунки улар орасида ҳар хил инсонлар: катта ёшли қариялар, ногиронлар, ёш бола етаклаган оналар, бемор инсонлар ҳам бўлиши мумкин. Ҳайдовчидан автобусга бунчалик кўп одамлар олишининг сабабини сўрасам: “Бу хусусий, ўзимга тегишли бўлган автобус, – дейди. – Ёқмаса, автобусга чиқманг”. 

Бу гаплардан сўнг ўйланиб қолдим. Наҳот, инсонлар демократия, эркинлик, ўз мулкимни хоҳлагандай тасарруф этаман, деб фуқароларга жабр қилишаётганлигини билишмайди?!

Ўз мулкини эркин тасарруф этиш бошқа, мулкдан фуқароларга хизмат кўрсатиш учун фойдаланишда қоидаларга амал қилиш бошқа. Агар эътибор берилса, аксарият жамоат транспортларига йўловчи ташишнинг сонлари кўрсатилган ҳужжат илова сифатида ёпиштириб қўйилади. Шундай бўлишига қарамасдан бу кўрсаткичга амал қилинмаслиги одатий ҳолга айланган. Ишга, ўқишга шошаётган инсонлар чор-ночор ана шундай тиқилинч автобусларда кетаверишади-да. Ахир бунинг йўлини қилса бўлади-ку. Шунчаки ёқилғи ва вақтни тежаб, кўпроқ даромад олиш учун ўзларини хусусий автобуснинг эгалари қилиб кўрсатадиган ҳайдовчилар бу оддий қоидага амал қилмайдилар. Натижасини эса ўзингиз кўриб турибсиз. Ҳар куни йўлларда турнақатор бўлиб ўтадиган автобусларнинг ичи одамлар билан лиқ тўла. Унда эса бақириб чақирган, кайфияти бузилган одамларнинг қиёфасини кўришимиз мумкин.

Фуқароларимиз манфаатини биринчи ўринга қўювчи, ҳар бир ишда адолат мезонларига амал қилувчи Ўзбекистон “Адолат” СДП партиясининг бўлғуси сайловолди дастурида бу масалага ҳам эътибор қаратилса, халқимиз учун фойдали амал бажарилган бўлар эди.

Эгамқул РАҲМОНҚУЛОВ, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП 

Сирдарё вилоят Кенгаши 

Ташкилий-партиявий 

ишлар бўйича мутахассиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!