Ҳарбий госпиталда илк бор буйрак трансплантация амалиёти ўтказилди

A A A
Ҳарбий госпиталда илк бор буйрак трансплантация амалиёти ўтказилди

Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпиталида илк бор буйрак трансплантация амалиёти ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Шуҳрат Зиётов — Қашқадарё вилоятида туғилган. 18 йилдан ортиқ вақт давомида ҳарбий хизматда бўлган. 2018 йили соғлигида муаммо кузатилгач, захирага ўтказилган. Ўтган вақт давомида буйрак етишмовчилиги хасталиги сабаб, турли тиббий муолажааларни ўтказган. Соғлиги яхшиланавермагач, Мудофаа вазирлиги раҳбариятига кўмак сўраб мурожаат қилган.

Вазирлик томонидан тезкор амалий ёрдам бериш чоралари кўрилган. Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослашган жарроҳлик маркази мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилган текширув-диагноз натижаларига кўра, буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини ўтказиш зарурлиги аниқланган. Шуҳрат Зиётовнинг турмуш ўртоғи донор бўлишга тайёрлигини билдирган.

— Турмуш ўртоғимнинг саломатликлари менга ҳамма нарсадан муҳим, оиламиз бахтига тезроқ тузалиб кетсалар, менга шу етарли — дейди Муштари Муродова. — 3 нафар фарзандимиз бор. Мен келажагимизни турмуш ўртоғим билан бирга кўришни хоҳлайман. Бизга операциягача бўлган вақт давомида керакли барча дори-дармон, муолажалар бепул ўтказилди. Шифокорларнинг барчаларига миннатдорчилигимни билдираман.

— Ҳарбий тиббиёт тарихида илк бор мураккаб жарроҳлик амалиёти — буйрак трансплантациясини амалга оширдик, — дейди Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали бошлиғининг жарроҳлик ишлари бўйича муовини, бош жарроҳи Улуғбек Расулов. — 7 соатдан ошиқ вақт давом этган операция жараёни муваффақиятли ўтди. Ҳозирда иккалаларининг ҳам аҳволи яхши. Бу жарроҳлик амалиётини ўтказишда Мудофаа вазирлигининг ўрни катта. Зарур жарроҳлик асбоб-ускуналари ҳамда дори-дармонлар билан тўлиқ таъминлаб беришди. Қолаверса, бундан буён бемор ва донорнинг тўлиқ тузалиб кетгунига қадар назорат остида бўлади. Барча керакли муолажалар бепул кўрсатилади. Яна бир муҳим масалага урғу бермоқчиман. Яқин кунлар ичида ҳарбий госпиталимизнинг янги 8 қаватлик биноси тўлиқ фойдаланишга топширилади. Шундан сўнг бизнинг ҳарбий соҳа вакиллари ва унинг оила аъзоларига тиббий ёрдам кўрсатиш билан бирга, бошқа юртдошларимизга ҳам тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Бизга яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, бор билим ва салоҳиятимизни ишга солишга тайёрмиз.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!