Ҳантавирус: Германия Сеул вирусига чалиниш бўйича илк ҳолат қайд этилди

Ҳантавирус: Германия Сеул вирусига чалиниш бўйича илк ҳолат қайд этилди

Германияда ёш аёл хонаки каламушидан ҳантавирус юқтириб олгани қайд этилди. Бу ҳақда Шарите клиникасида маълум қилинди.

“Вирус Осиёда тарқалган бўлиб, Европага кемалардаги ёввойи каламушлар орқали кирган бўлиши мумкин. Аввал бундай вирус Германияда кузатилмаган”, деб айтган профессор Йорг Хофманн.

Олимларнинг тахминича, вирус аниқланган хонаки каламуш хориждан олиб кирилган. Вирусни юқтириб олган аёлда ўткир буйрак етишмовчилиги ривожлангани сабабли у интенсив терапия бўлимига ётқизилган.

Аёлда ўтказилган серологик таҳлил тахминий ташхис - ҳантавирус инфекциясини тасдиқлаган. Олимлар аёлда аниқланган ҳантавирус унинг қайси турига мансублигини аниқлай олишмаган, бироқ кейинроқ махсус молекуляр ташхислаш усули эвазига аёл ва унинг каламуши Сеул вирусига чалингани тасдиқланган.   

“Вируснинг хонаки каламушда аниқланиши инфекциянинг бу жонзотлар савдоси орқали бутун дунё бўйлаб тарқалиши мумкинлигини англатади”, деб таъкидлаб ўтишган олимлар ва каламушлар эгаларини эҳтиёткор бўлишга чақиришган.

ЖССТ маълумотларига кўра, Сеул вируси кемирувчилардан одамларга юқувчи ҳантавируснинг турларидан бири ҳисобланади. Касалликнинг оғир шаклида беморларда қон кетиши ва ўткир буйрак етишмовчилиги ривожланиши мумкин. Касаллик белгиларсиз ҳам кечиши мумкин. Сеул вируси одамдан одамга юқмайди ва айни вақтда уни даволашнинг самарали усуллари мавжуд эмас.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!