«Ҳаммаси худди кинодагидек эди: бақириш, қичқириқ, одамлар йиғиси» Қозоғистондаги авиаҳалокатдан омон қолганлар ҳикояси

«Ҳаммаси худди кинодагидек эди: бақириш, қичқириқ, одамлар йиғиси» Қозоғистондаги авиаҳалокатдан омон қолганлар ҳикояси

Қозоғистонда 27 декабрь куни тонгда Bek Air авиакомпаниясининг Олмаотадан Нур-Султонга учаётган йўловчи самолёти фалокатга учраган эди. Самолёт Олмаота аэропортидан ҳавога кўтарилиш вақтида баландликни йўқотиб, бетон тўсиқни бузиб ўтган ва икки қаватли иморатга бориб урилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлган. Яна 35 киши тан жароҳати олган, улардан 22 нафарининг аҳволи оғир. Қутқарув хизматлари ҳодиса жойида йўловчиларни эвакуация қилиш ишларини давом эттирмоқда. Ўзбекисон Ташқи ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, авиаҳалокат оқибатида ҳалок бўлганлар ва тан жароҳати олганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.

Tengrinews ҳалокатдан омон қолган йўловчиларнинг ҳикояларини тақдим этди.

«Дастлаб самолёт силкиниб учди, кейин худди қўнгандек бўлди. Аслида эса нимагадир урилган эканмиз. Самолёт бортида ортиқча шовқин йўқ эди. На бақириш, на бошқа нарса бўлмади. Мен ўзим шокда эдим. Бўлиб ўтган воқеаларнинг ҳаммаси ҳам эсимда йўқ. Биз нима бўлаётганини тушунмаётгандик. Ўзимга келганимда ёнимда ҳамма нарса ёпиқ эди. Мен ўз жойимда, самолёт қаноти томонда ўтиргандим. Стюард эшикни очди ва биз ташқарига чиқдик. Шунга самолёт иккига бўлинганини кўрдик», — дейди омон қолган йўловчилардан бири. Унинг айтишича, жабрланганлар кўп эди.

«Аввалига қандайдир хавфсизлик ходимлари яқинлашди. Улар дарҳол самолётдан болаларни чиқаришни бошлади. Кейин ўт ўчирувчилар келди, ундан кейин тез ёрдам ҳам етиб келди. Жароҳатланганлар кўп эди. Мен узоқ қолмадим. Яқинларим келиб олиб кетишди», — дея қўшимча қилган у.

Ҳалокат гувоҳларидан бўлган яна бир йўловчининг айтишича, ҳаммаси тез ва кутилмаганда содир бўлди.

«Мен тез-тез парвоз қилиб тураман. Соат 07:05 да самолёт ҳавога кўтарилиши керак эди. Лекин негадир бу сафар ушланиб қолди. Хавфсизлик қоидаларини тушунтиришаётганида мудраётгандим. Чунки кеч қолмай деб кечаси билан ухламагандим. Самолёт юқорилай бошлаганида уйғондим. Кейин билсам, самолёт унгача икки марта кўтарилиб, баландликни йўқотибди», — дея хотирлайди бўлиб ўтган воқеаларни йўловчи.

Кейин двигателми ё бошқа нарса даҳшатли овози эшитилди. Самолёт қия учарди. Худди кинодагидек эди: дод-фарёд, қичқириқ, одамлар йиғиси. Буларнинг барчасини таърифлаб бера олмайман, жуда қўрқинчли. Кейин зарба, гумбурлаш бўлиб, олд томоним қандайдир темир билан тўсилди — йўл йўқ эди.

Кимдир «чиқинглар» деб бақирди. Ўша пайт тилдан қолгандим. Самолёт қаноти томонда ўтиргандим, унга қадам қўйганим эсимда. Самолёт ердалиги, портлаши мумкинлигини айтиб бақиришди. Худди тушдек эди», — деган у.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!