Ҳажга борган рус ва корейс момолар ҳақида эшитганмисиз? Улар Сурхондарёда яшашади

Ҳажга борган рус ва корейс момолар ҳақида эшитганмисиз? Улар Сурхондарёда яшашади

Мамлакатимизда яшовчи турли миллат вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминланган бўлиб, улар бир оила фарзандларидек, ўзаро дўстлик ва аҳилликда яшаб, жамият ривожи ва равнақига муносиб ҳисса қўшиб қолмоқдалар. Бинобарин, Бош Қомусимизнинг 8-моддасида белгиланганидек, Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ташкил этади. Ҳозирда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар конфессиялараро, маданиятлараро ва тиллараро бағрикенглик тамойилига содиқ экинликларини амалда намоён этиб келмоқдалар. Бундай ўлмас қадриятлар ўзбек халқининг ўзига хос тарихий хусусиятидир. Ва бу жиҳат мустақиллик йилларида давлат сиёсатида устуворлик касб этиб, юртимиздаги ижтимоий барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, изчил ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда бош омил бўлиб хизмат қилмоқда. Қуйида вилоятимизда фаолият олиб бораётган рус ҳамда корейс маданий маркази аъзолари, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган Бувижонлар мактаби фаолларининг дил сўзларида айни шу жиҳатлар ўз эътирофини топган.

Алла Сатторова:
— Ўзбек халқида «Қиз бола палаҳмон тоши» деган, бир ибора бор. Менинг умр йўлим мана шу ҳақиқатни исботлади. Ўзим Россия Федерациясининг Нижний Новгород шаҳрида дунёга келган бўлсам-да, тақдир мени олис-олисларга бошлаб келди.
Собиқ Иттифоқ даврида  Ўзбекистондан ҳарбий хизмат борган йигит, яъни бўлажак турмуш ўртоғим билан тақдирим боғланиб, Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманига келин бўлиб келганман. Биз, икки ёшнинг тўйимиз 1974 йилда, менинг она шаҳримда бўлиб ўтди. Шундай бўлсада, турмуш ўртоғимнинг ота-онаси, яқинлари бахтли кунларимизга шерик бўлиш учун узоқ йўл босиб, Россияга боришди. Улар бизга оқ фотиҳа беришди. Бу кунларнинг шукуҳи қалбимда бир умрга муҳрланиб қолган. Катта фарзандим Муяссар Нижний Новгородда туғилди. Кейин биз турмуш ўртоғимнинг туғилган жойи Бойсунга кўчиб келдик ва муқим яшай бошладик. Қайнота-қайнонам бизга қўшқанот бўлишди. Мен эса дарров маҳаллий шароитга мослаша бошладим. Миллий урф-одат ва анъаналарни ўрганишга киришдим. Ўзбек халқининг меҳр-оқибати, меҳмондўстлиги, каттага ҳурмат, кичикка иззат кўрсатиши, аҳил-иноқлиги туфайли мен ўзимча янги бир оламни кашф этгандек бўлдим. 1979 йилдан бошлаб, тумандаги болалар боғчасида рус тили тўгараги раҳбари сифатида иш бошлаганим ҳаётимни янада мазмунан бойитди. Турмуш ўртоғим олий маълумотли ўқитувчи бўлгани учун менга яқиндан кўмак берарди, билмаганларимни ўргатарди. Ва мен зиммамдаги вазифаларни аъло даражада адо этишга киришдим. Бу орада фарзандларимиз сони 5 нафарга етди. Биз, ота-оналар уларни оқ ювиб, оқ тарашга, ҳар бирининг ўзига хос қобилиятини рўёбга чиқаришга ҳам астойдил ҳаракат қилдик.
Мана шундай кунларнинг бирида турмуш ўртоғимни тоғли Қўрғонча хўжалиги ҳудудида жойлашган мактаб ўқитувчилигига юборишди. Биз эса маслаҳатлашиб, оиламиз билан тоғли қишлоққа кўчиб борадиган ва ерда биргаликда меҳнат қиладиган бўлдик. Ўн йил мобайнида, албатта, тоғликлар ҳаёти, у ерда яшовчи одамларнинг феъл-атвори, турмуш тарзини ўрганиб, ўзимиз учун кўпдан-кўп дўсту биродарлар орттирдик. Ҳозирга қадар ана шу қишлоқ одамлари билан дўстлик алоқасини давом эттириб келмоқдамиз.
Тақдир тақозоси билан кейинчалик оиламиз билан вилоят маркази — Термиз шаҳарига кўчиб келдик. Шаҳар шароитига мослаш баробарида бу ерда мени янги муждалар кутиб турганди, гўё. 2019 йилда яхши инсонларнинг кўмаги билан Умра ҳаж зиёратини адо этиш бахтига муяссар бўлдим. Бу менинг ҳаётимдаги энг қувончли воқеа бўлди. Шу ўринда таъкидлашим жоизки, турмуш ўртоғим билан никоҳимиз ҳам замонавий, ҳам шаърий тартибда бўлиб ўтган. Шундан буён ҳам орадан 45 йил вақт ўтди. Мен эса ўзим эътиқоди қилган динни бир умр қалбимда сақладим, ардоқладим. Бу менинг энг катта бахтим. Рости, ўзим туғилган жой, унинг одамлари билан алоқаларимни узганим йўқ. 91 ёшни қаршилаётган отам борлар. Вақти-вақти билан улар ҳолидан хабар олиб келаман. Ёшлигим ўтган шаҳар кўчалари, одамлари менинг қалбимда яшайди доим...
Ҳозир нафақадаман. Вилоятимизда ташкил этилган Бувижон мактаби аъзосиман. Маҳалла ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасаларида бўлиб ўтадиган тадбирларда қатнашиб, ёшлар билан ўз шахсий ҳаётий қарашларимни ўртоқлашаман. Ўсмирларни ҳаётга тайёрлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, йигит-қизларнинг жамият ҳаётидан жой эгаллашлари учун доимо ўзимизни беминнат ёрдамчи ва кўмакчи, деб биламан.

Алла Мун:
— Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакиллари дўст, биродарликда умргузаронлик қилаётгани жамиятимизнинг энг катта ютуғи, деб ўйлайман. Чиндан ҳам Ўзбекистон — бизнинг умумий уйимиз. Шу юрт, шу Ватан тақдири бизни ўзаро бирлаштириб, мудом эзгу мақсадларга сафарбар этиб туради. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси шу юртда яшовчи ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялашнинг бош кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Менинг миллатим корейс бўлсада, киндик қоним шу ерда тўкилган. Ўзбекистон бу менинг кўз очиб кўрган жонажон Ватанимдир!
Аслида, ота-онам 1946 йилда Россия давлатидан Тошкентга кўчиб келишган. Кейинчалик улар Сурхондарё вилоятининг Узун туманига муқим яшаб, ҳаёт кечира бошлаган. Бу ерда улар деҳқончилик, хусусан, пиёз ва шоли экиш билан шуғулланиб, ризқу насиба топишган. Мен ўзим 1960 йили туғилганман. Маҳаллий одамлар орасида ўсиб, ўзбек тилини ўргандим, шу ерлик аҳолининг урф-одатлари, қадриятлари руҳида тарбия топдим. Шуни алоҳида таъкидлашим жоизки, мактабнинг бошланғич синфи таҳсил олиб юрган вақтларимда қалбимда спортга меҳр уйғонган. Юқори синфда ўқиб юрган чоғларим эса бу борада маълум тажриба ва кўникмаларни эгаллаб, вилоят ва республика мусобақаларида муваффақиятли қатнашганман. Шундан буён асло соғлом турмуш тарзига амал қилиш, спорт билан мунтазам шуғулланишни канда қилмайман.
Ёшлигим тенгдошларимга нисбатан қийин кечди. Отамнинг 10 йиллар мобайнида тўшакда михланиб қолгани, онам ҳам муттасил касалманд бўлгани учун уларни парваришлашни ўз зиммамга олгандим. Бу орада турмуш қуриб, оналик бахтига ҳам мушарраф бўлдим. 2004 йили оила аъзоларимиз билан Узун туманида Термиз шаҳрига кўчиб келдик. Аввалги яшаб турган жойимизга нисбатан Термиз ҳавоси соғлиғимни тиклашимга фойдали бўлди. «Шодлик» маҳалласида яшаб, шу ерда меҳр-эътибор қозондик, янгидан-янги дўсту биродарлар топдик. 2016 йилда Умра ҳаж зиёратига ҳам бориб келдим. Кўп йиллик орзуларим ушалди. Ўзим корейс аёли бўлсам-да, исломий эътиқод менинг ҳаётим бош маслагига айланган. Ўзбекистондаги эътиқод эркинлиги, демократик тамойиллар мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга ва бу жамият ривожи учун жуда муҳим омил саналади. Президентимиз олиб бораётган халқчил сиёсат шу юртда яшовчи турли миллат вакилларининг бахтли, саодатли ҳаётини таъминлашга хизмат қилмоқда. Мана шундай инсон шани улуғланган юртда яшаётганимдан бениҳоят бахтиёрман!


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!