Ғузорда яна томоша: Ҳоким ва ёшлар учрашувига ҳоким келмади

Ғузорда яна томоша: Ҳоким ва ёшлар учрашувига ҳоким келмади

Кеча, 21 февраль куни Ғузор туманидаги 6-умумий ўрта таълим мактабида Ҳоким ва ёшлар учрашуви ўтказилиши керак эди.

Учрашув ўтказилди, фақатгина учрашувга ҳоким келмади.

Шундан сўнг, туман ҳокимлиги таҳририятга эътироз билдириб,Туман ҳокими вазифасини вақтинча бажариш учун лавозимга тайинланган Алишер Бўриев ташриф буюргани, ҳозирда туман ҳокими Саъдулла Бобоқулов соғлигида муаммо борилиги учун вақтинчалик таътилга чиққанини «пеш» қилиб , вазифани вақтинча бажарувчи ўринбосарга бу борада буйруқ чиқарилганини ҳам айтган эди.

Аммо таҳририят ходимларига ҳали ҳам бу буйруқ тақдим этилмади.

Кечаги учрашув ҳам саҳналаштирилган томоша бўлди.

Учрашувга борган «Nasafnews» манбасига кўра, ҳатто тадбирга уюшмаган ёшлар қатлами таклиф этилмаган.

Ўриндиқлар бўш, тадбир файзсиз ўтган.

Табиийки, бу ҳолат бўйича яна туман ҳокимлигининг фикрини билишга қизиқдик.

Ғузор туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Худойберди Йўлдошевнинг айтишича, учрашувга ҳоким вазифасини бажарувчи Алишер Бўриев келиши кутилаётган эди. Аммо у вилоятдан келган ишчи гуруҳ билан банд бўлиб, ҳоким ва ёшлар учрашувига боролмаган.

Мактабда фақатгина ёшлар билан учрашув эмас, балки сайёр қабул ҳам ташкил этилган. Тадбирда ҳокимнинг ўринбосарлари фуқаролар мурожаатларини тинглаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ёшлар билан учрашувлар вилоят ҳокими ўринбосари Долли Аллаев томонидан танқид остига олинган эди.

-Учрашув натижалари ҳам қониқарли эмас, совға бериш ёки қарсак чалиш билан иш битмайди. Бизга натижа керак, ишсиз, муаммоли ёшларга қулоқ тутишимиз даркор. Афсуски, айрим учрашувлар фақатгина телевединия учун ташкиллаштирилган,- деб таъкидлаганди Долли Аллаев.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!