Ғузорда 15 яшар қиз билан жинсий алоқа қилган шахс воқеасига туман суди муносабат билдирди

Ғузорда 15 яшар қиз билан жинсий алоқа қилган шахс воқеасига туман суди муносабат билдирди

Халқимизда “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир” деган пурмаъно нақл бор. Ушбу ибратли фикрга доимо қулоқ тутишимиз керак. Шов-шув орқали шуҳрат топишни истаган айрим соҳа ходимлари юқоридаги нақлга амал этишганида эди, билиб-билмай қонунларимизни бузишмаган бўларди. Қолаверса ойнанинг иккинчи тарафи бор эканлигини асло унутмаслик керак.

Ушбу мақолани ёзишимизга яқинда интернет сайтларида берилган бир хабар сабаб бўлди.

“Ғузорда 15 яшар қиз билан жинсий алоқа қилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди” ”Ғузорда 15 яшар қиз зўрланди“ сарлавҳали остидаги хабар. Унда Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармасининг ахборот хизмати хабар беришича, 15 яшар қиз билан жинсий алоқа қилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилганлиги маълум қилинган.

Ушбу хабарда ҳодиса содир бўлган жой, гумон қилинган ва жабрланган шахс, яқин қариндошининг шахсига доир маълумотлар, ҳодиса қаерда ва қай тарзда содир бўлганлиги, унинг оқибатлари батафсил баён этилган. Амалдаги қонунларга кўра, бундай маълумотлар жиноят процесси иштирокчиларининг розилиги билан ёки шахсини кўрсатмаган тарзда расмий веб-сайтларда эълон қилиниши мумкин. Бундан ёпиқ суд мажлисларида кўрилган ишлар бўйича суд қарорлари мустасно. Башарти, жиноий ҳодиса юз берган бўлса, албатта бу судда кўриб чиқилади ва якунда адолат қарор топади. Лекин гап бунда эмас.

Бизнинг назаримизда Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизмати фуқаронинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни тарқалиб кетишига олиб келадиган маълумотни оммавий ахборот воситаларига тақдим этиб, тарқатиб, вояга етмаган жабрланувчининг шахсий ҳаёти дахлсизлигига оид маълумотларни ошкор этилишига шароит яратиб бермадими-кин?
Шахсга доир бундай маълумотлар очиқ, ошкора равишда оммавий ахборот воситаларида тарқатилса, шу тоифадаги жиноят ишларини ёпиқ суд мажлисларида кўрилишидан нима маъно бор?!

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддасида, “Ҳар ким шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга” деб белгиланган.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади (Айбсизлик презумпцияси, ЖПКнинг 23-моддаси).

Юқоридаги хабарда 15 яшар қизнинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги қаерда қолди? Эртага ушбу хабар оқибатида бирор бир нохуш ҳолат келиб чиқмаслигига ким кафолат беради?!

Судлар томонидан бундай тоифадаги ишлар бўйича ёпиқ суд мажлиси ўтказилиши зарурлиги юзасидан тегишли чоралар кўрилаётган бир пайтда, дастлабки тергов органи Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси шахснинг дахлсизликка бўлган ҳуқуқи ҳимоясини кафолатлаш ва буни ошкор этмаслик ўрнига, мазкур жиноят тафсилотлари ҳақида батафсил маълумотларни омма эътиборига жалб қилганини қандай тушунса бўлади.

Умид қиламизки, Ўзбекистон Республикасида қонунларнинг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширишга масъул бўлган давлат органи ушбу ҳолатга эътибор қаратади.

Н. АБДУЛЛАЕВ, Жиноят ишлари бўйича Ғузор туман судининг раиси.

Н.ХЎЖАҚУЛОВ, Ғузор туманлараро иқтисодий судининг в.в.б раиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!