Сердар Бердимуҳамедов Туркманистон президентлигига номзод сифатида кўрсатилди

Сердар Бердимуҳамедов Туркманистон президентлигига номзод сифатида кўрсатилди

Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сердар 12 март куни бўлиб ўтадиган сайловда республика президентлигига номзод сифатида кўрсатилган. Бу ҳақда Туркманистоннинг Salam News ахборот сайти хабар берди.

«Бугун Туркманистон жамоат ташкилотлари марказида Туркманистон демократик партиясининг навбатдан ташқари IХ қурултойи бўлиб ўтди. Унинг кун тартибига кўра, Туркманистон Президенти лавозимига Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Сердар Гурбангулевич Бердимуҳамедов номзоди илгари сурилди», — дейилади хабарда.

Конгресс иштирокчилари Сердар Бердимуҳамедовнинг нутқини тинглаб, унинг мамлакат президентлигига номзодини қўллаб-қувватладилар.

14 февраль куни Туркманистонда президентлик сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланди, унинг биринчи босқичи номзодларни кўрсатиш бўлади. Номзодлар сиёсий партиялар ёки фуқаролар гуруҳлари томонидан кўрсатилиши мумкин. Мамлакатда учта партия бор: Демократик партия, Аграр партия ва Туркманистон саноатчилар ва тадбиркорлар партияси.

Туркманистоннинг камида 40 ёшга тўлган, шу мамлакатда туғилган ва унда сўнгги 15 йил давомида доимий яшаётган ва ишлаган фуқароси давлат раҳбари этиб сайланиши мумкин. У етти йилга сайланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!