Гуноҳдан тийилишнинг ягона чораси

Гуноҳдан тийилишнинг ягона чораси

Баъзан: “Бир гуноҳни, ёмонликни йўқ қилиш учун унинг манбаини йўқотиш керак”, деган гапни эшитиб қоламиз. Бу нотўғри тушунча! Сийрат асарларидан ўқиган бўлсангиз, эсингиздадир: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувватнинг илк йилларида Ҳарамда намоз ўқир, Парвардигорга узоқ-узоқ сажда қилардилар. Ҳолбуки, ўша пайтда биргина Каъба ичида уч юздан ортиқ бут-санамлар бор эди. У зот ишни бутларни синдиришдан бошламадилар, балки энг аввал кўнгиллардаги бутни парчалашга аҳамият бердилар, қалб покизалигига эътибор қаратдилар. У киши тавҳид калимасини, имон уруғини юракларга шундай жойлаштирдиларки, одамлар қандайдир тошларга юкуниш хорлигидан Улуғ Аллоҳга ибодат қилиш мартабасига юксалгач, уйларидаги ва Каъба ичидаги бутларни ўзлари синдиришди.

Демак, инсоннинг қалби тарбия топмасидан, покланмасидан туриб танаси тарбияланмайди. Шунинг учун, аввало қалбни гуноҳлардан поклай олмас экансиз, ўзингизни қийнаманг, барибир ғийбатдан тийилолмайсиз, ёлғон гапиришдан тўхтолмайсиз, кўзингиз ношаръий жойларга қарайверади, оёқ гуноҳ йўллар томон оғаверади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом қалбларига ишора қилиб: “Тақво мана бу ерда бўлади”, дея уч марта таъкидлаганлар.

Инсон қалбидан Аллоҳдан бошқага бўлган муҳаббат чиқиб кетмагунича ва қалб фақат Аллоҳ муҳаббати билан тўлмагунича, вужуди ҳаргиз бўйсунмайди. Ўйлаб кўринг: нега маст қилувчи ичимлик (хамр) бирданига ҳаром қилинмади, уч босқичда ман этилди? Чунки аввало шаробга муҳаббат, унга боғлиқлик инсонлар қалбидан чиқиши керак эди. Бунга эса босқичма-босқич эришилди. Хамр қатъий тақиқлангани ҳақидаги оят нозил бўлганида саҳобалар аллақачон бунга тайёр бўлганди. Жарчи оятни эълон қилиши билан пиёласида ичиб турганлар қолганини ҳам сипқориб қўя қолай демади, ҳатто ҳўплашга улгурганлар ҳам туфлаб ташлашди. Демак, гуноҳ қалбда бўлади, кейин вужуд ижросида юзага чиқади.

Ушбу ҳадис сўзимизга муносиб хулоса бўлади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: “Билингки, танада бир аъзо бор. Агар у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади. Агар у бузилса, тана ҳам бузилади. Билингки, у қалбдир” (Муттафақун алайҳ).

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!