Гулнора Каримова Шавкат Мирзиёевдан шафқат кутаётганини айтди

Гулнора Каримова Шавкат Мирзиёевдан шафқат кутаётганини айтди

Аввалроқ, Гулнора Каримова Ўзбекистон халқига мурожаат йўллагани ва кечирим сўрагани ҳақида хабар берган эдик.

"Qalampir" нашрига кўра, бу хабарлар жамоатчилик орасида асосий мавзуга айланишга улгурибдики, Гулнора Каримованинг олти йил деганда илк бор халққа йўллаган мактуби эълон қилинган Instagram саҳифаси (@gulnarakarimovaupdates) тўлалигича ўчириб юборилди.

Орадан кўп вақт ўтмай, Гулнора Каримова номига очилган, у ҳақда расмий маълумотлар бериб борилиши ва шу билан бирга саҳифа бошқалар томонидан юритилиши айтилган бошқа бир аккаунт очилди. Унга Каримованинг халққа рус тилидаги мурожаати қайта жойланди. Орадан икки кун ўтиб, кеча, 24 июнь куни мактуб инглиз тилида ҳам эълон қилинди. Афтидан Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова онасининг ҳибсда қолиши масаласига жаҳон ҳамжамиятининг ҳам эътиборини тортмоқчи кўринади. Тўлиқ ҳолдаги мактубда аҳамиятга молик жиҳат шундаки, Каримова ўз мурожаатида  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номини ҳам зикр этган. 

Каримова мурожаатида Швейцариядаги банк ҳисобларида музлатилган пулларни қайтариш фақатгина унга боғлиқ эмаслигини таъкидлаганди. Қуйида Каримованинг мурожаати билан танишишингиз мумкин.

“Швейцарияда музлатиб қўйилган пулларни йўналтириш фақатгина менга боғлиқ масала эмас. Уларга бошқа мамлакатларда кўплар даъвогарлик қилади. Қўлимдан келган барчасини қилдим, адвокатларим ҳам яқинда 131 млн долларни ушлаб қолишга қаратилган ҳужжатларни қайтариб олди. Айни вақтда ҳудди шундай ҳаракатлар қолган 555 млн доллар учун ҳам амалга ошириляпти.

Бошимдан ўтганлар, болаларимнинг охирги 2 йилдаги кўрган азоб ва қийинчиликлари учун нолимоқчи эмасман. Менинг ишимни олиб борганларнинг кўпига ҳукм чиқарилди, санкция қўйганлар терговга тортилди. Ўзининг раҳбарияти номидан қўлидан келмайдиган ваъдаларни берганлар эса иш жойини ўзгартириб кетди. Масалан, уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи Шавкат Умрзоқов. Прокуратуранинг бошқа ходимлари эса ҳозир ҳам менинг устимдан назорат ўрнатишга ҳаракат қилишмоқда.

Айни дамда менинг саломатлигим билан боғлиқ муаммо қийнамоқда. Иккита операцияни ўтказишим зарурияти Президентга мурожаат қилишга мажбур қилди. Мен ҳақимда ёлғон маълумот тарқатиб, имижимни қора қилишга уринаётганлардан фарқли ўлароқ жамоатчилик менинг мамлакатимиздаги энг катта қора куч эмаслигимни тушунишига ва қўллаб-қувватлашига умид қиламан ва бунга ишонаман. Болаларим узоқликда ўтган йиллар эвазига онаси билан бўлишга ҳақли. Айниқса, жазоларнинг либераллашуви ва давлатга хиёнат ҳамда терроризмда айбланган аёллар оиласига қайтаётган бир вақтда... Мен уларнинг ягона боқувчисиман. Айниқса, юрак пороги билан туғилган қизим кўп қийналяпти.

Шавкат Миромоновични ўзи халққа мурожаатларидан бирида айтганидек, отамнинг ўринбосари ва шогирди сифатида биламан. У билан “Келажак овози”, “Янги авлод”, “Асрлар садоси” ва яна кўплаб лойиҳаларда бирга ишлаганмиз. Унинг бағрикенглигига умид қилган ҳолда, тез орада болаларим билан кўришиш ва даволаниш имкони бўлади, деб ўйлайман.

Бундан ташқари, мен чин дилдан севган ва юрак уриши отамнинг қилган ишлари билан боғлиқ бўлган Ватаним учун хизмат қилишга тайёрман.

Айни вақтгача, менга нисбатан қонунчиликда ўрнатилган тартибда Кодексга мувофиқ инсонпарварлик ёрдами кўрсатилиши мумкин эди. Бундан ташқари, ҳар ойда ўнлаб аёлларга қўллангани каби мени ҳам муддатидан аввал шартли озод қилиш муддати ҳам яқинлашиб қолган.

Мен қонунларимизга ишонаман. Улар тўғри қўлланса, миллатимиз кафолати ва асоси бўлиб хизмат қилишига шубҳам йўқ”, деган Гулнора Каримова мактубида.

Таъкидлаш керакки, Каримованинг пулларни ушлаб туриш бўйича ҳужжатларни қайтариб олиши ўз самарасини берган кўринади. Негаки, кеча, 24 июнь куни Швейцария Бош прокуратураси Гулнора Каримовага тегишли музлатилган пулларнинг 130 млн швейцар франки (133 млн доллар) Ўзбекистонга қайтарилишини маълум қилди.

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!