Гулистонда чўкаётган қизни қутқарган йигитнинг ўзи вафот этди

Гулистонда чўкаётган қизни қутқарган йигитнинг ўзи вафот этди

Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси Гулистон шаҳар ИИБдан олинган хабарга кўра, жорий йилнинг 30 апрелида Жиззах вилояти, Зомин тумани Бирлик маҳалла фуқаролар йиғини, Бирлик кўчаси, 3-уйда яшаган Сардор Баҳодиров Гулистон шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи Дўстлик канали қирғоқ бўйлаб кетаётганида чўкаётган қизга кўзи тушади.

ЎзАга кўра, С.Баҳодиров чўкаётган қизни қутқариш мақсадида зудлик билан сувга тушади ва унинг ҳаётини сақлаб қолади. Аммо сув совуқлигидан Сардорнинг томирлари тортишиб қолиб, ўзи сув тагига ғарқ бўлади.

Экспертиза хулосасига кўра, 1999 йил Зомин туманида туғилган С.Боҳодиров чўкиш оқибатида нафас йўлларининг сув билан беркилишидан юзага келган механик асфиксия натижасида вафот этганлиги маълум бўлди, дейди Гулистон шаҳар ИИБ бошлиғи, полковник З.Қаюмов. Ҳолат юзасидан Гулистон шахар прокуратураси топшириғига асосан зудлик билан суриштирув ҳаракатлари бошлаб юборилди.

Қутқариб қолинган қиз вояга етмаган 2005 йилда туғилган Гулистон шаҳар 3-мавзе 8-уй 2-хонадонда яшовчи, 8-мактабнинг 8- В синф ўқувчиси Мадина Мухиддинова экани аниқланди.
Жабрланувчи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали жонлантириш бўлимига етказилди. Қизнинг жисмоний ҳолати нормаллашмоқда. Қизнинг нима сабабдан сувга тушганлиги сабаблари прокуратура ходимлари томонидан аниқланмоқда.

Бу бахтсиз ҳодиса шаҳар ҳудудидан оқиб ўтувчи Дўстлик каналида шу ҳудуднинг ўзида жорий йилнинг биргина апрель ойидаги бу иккинчисидир. Шаҳар маъмурлари бу каби фожиаларнинг олдини олиш мақсадида зудлик билан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқмаса, ҳаво ҳарорати кўтарилган сари бундай бахтсиз ҳодисаларнинг такрорланмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!