Грузия Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг яна учта давлатидан учиб келувчи фуқароларни қабул қилишни бошлади

Грузия Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг яна учта давлатидан учиб келувчи фуқароларни қабул қилишни бошлади

 

Грузия Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари учун ҳаво чегараларини очди. Қарор 5 март куни идоралараро мувофиқлаштириш кенгаши томонидан қабул қилинди, деб хабар берди мамлакат ҳукумати матбуот хизматига асосланиб «Gazeta.uz».

 

Энди юқорида қайд этилган тўрт мамлакат фуқаролари парвоздан аввалги 72 соат ичида топширилган ПЗР-тест таҳлилининг манфий натижаси асосида Грузияга учиб келишлари мумкин. Ташриф буюрувчилар мамлакатга келганининг учинчи куни ўз маблағлари ҳисобидан қайта тест таҳлили топширишлари шарт.

Шу билан бирга, қуруқлик ва денгиз чегаралари сайёҳлар учун ёпиқ бўлиб қолмоқда. Имтиёзлар мамлакатга самолётда учиб келганлар учунгина амал қилади.

Шунингдек, 1 мартдан бошлаб Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Украина, Қозоғистон ва Россия фуқаролари ҳам коронавирус тестининг манфий натижаси билан Грузияга кириши мумкин. Аввалроқ худди шу қоидалар Европа Иттифоқи, Исроил, Швейцария, Норвегия, АҚШ, Буюк Британия, Қатар, БАА, Баҳрайн ва Туркия фуқаролари учун жорий қилинганди.

Эпидемиологик вазиятнинг яхшиланиши туфайли Грузия расмийлари 2020 йил мартидан бошлаб амал қилган мунтазам парвозларга қўйилган тақиқни 2021 йил 1 февраль куни бутунлай бекор қилди.

Коронавирусга қарши эмлашнинг тўлиқ курсини тамомлаган барча чет элликлар Грузияга шартсиз кириши мумкин. Бу учун улар тегишли ҳужжатни чегарада тақдим этишлари керак.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил июль ойидан бошлаб Тошкент ва Тбилиси мунтазам рейслар билан боғланиб, парвозлар ҳафтада икки марта – сешанба ва жума кунлари амалга оширилиши белгиланганди.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!